Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олтиариқнинг узумзор боғлари (+видео)
17:10 / 2024-10-09

Илгари ўзининг турп, бодринги билан донг таратган Олтиариқ энди узумчиликда мамлакатнинг тажриба майдонига айланди. Олтиариқнинг қайси қишлоқ, маҳалла кўчаларидан юрманг, ҳатто дарвоза олди майдонлари ҳам узумзор эканини кўрасиз. Оқкўнгил, меҳнатсевар, миришкор отахонлар ёнларига ёшларни олиб узумчилик сирларини ўргатмоқда.

Олтиариқда бир узумзор борки, уни кўргач қалбингиз қувончга тўлади. Садафдан терилгандек шода-шода узумлар меҳрингизни қўзғайди, ҳайрат уммонига чўкасиз, гўё.

Бу “Хайрулло Бойматов” фермер хўжалиги узумзорларидир. Унинг раҳбари навқирон, шиддатли ва изланувчан йигит Исоқжон Бойматов.

Исоқжон боғларида узумлар узилиб совутгичга юборилмоқда. 1,5 минг тонналик сиғимга эга совутгичи бор фермер хўжалигининг. Ўнлаб техник воситалар, тиркама ва тракторлар узум боғига мослаштирилган. Илк бор кўчат экиб, қўлига токқайчи олганига ҳам 34 йил бўлибди. Биз машҳур боғбон боғида бўлиб, уни суҳбатга тортдик.

– 1996 йиллари Повулғон қишлоғида дадам билан 2 гектарли боғ ташкил қилганмиз. У кўпайиб 6,5 гектарга етди, – дейди Исоқжон. – 2019 йил муҳтарам Президентимиз Фарғонага ташрифи чоғида Олтиариқда узумчиликни ривожлантиришга катта эътибор бериш бўйича топшириқ берди. Биз фермер хўжалигимизда 75 гектар ерда узумчилик боғини ташкил қилдик. Бу йил бешинчи йили. Ҳосилимизнинг “Мерседерс”, “Келин бармоғи”, “Ризамат ота”, “Ҳусайни” каби турлари бор. Келгусидаги мақсадимиз бу турларни кўпайтириш. 

Исоқжоннинг узумзорини, у эса Олтиариқда энг йирик боғлардан бири, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар меваси, дейиш мумкин.

– Боғ барпо этиш бўйича Президентимиз томонидан жуда катта имкониятлар яратиляпти. Боғларга ва ҳатто совутгич учун ҳам субсидиялар жорий қилинди. Қайси соҳада бўлмасин, фермерга кредит олиши учун енгилликлар бор. Яхши ишлашга имконият яратилди. 20 га яқин техникамиз мавжуд. Бу йил 1,5 минг тонналик совутгични Хитой Халқ Республикасидан олиб келиб ўрнатдик.

Кўп давлатларда бўлганман. Асли соҳам узумчилик бўлгани учун қаерга борсам ҳам унга эътибор бераман. Иқлимимиз узумчиликка мос. Ҳиндистонга борганимда кўрдимки, у ерда 15 февралда узум пишар экан. Сўнг 10-15 кун ушлаш учун ўрашар экан. Бизда узум пишганидан кейин ҳаво мўътадиллашиб пасаяди. Сентябрь ойидан кейин яна бир ой ток устида туришга имконият бор. 2012 йили Америкада мева-сабзавот сақлаш бўйича малака ошириб келганман. 

Узумчилик қачонки илмга, илғор тажрибага асослансагина кутилган натижа беради. Бу сара узумлар, мўл ҳосил тинимсиз заҳматли меҳнат туфайли бунёд этилди.

– Ўтган йили гектаридан 20-25 тоннадан ҳосил олган бўлсак. Бу йил 25-30 тоннадан ҳосил олиш кутиляпти, – дейди фермер. – Авваллари ноябрь ойида сифатли узум топа олмас эдик. Ҳозир совутгични деҳқонларнинг омбори, десак бўлади.

Ўзбекистон Президенти Фарғонага ташрифи чоғида “Хайрулло Бойматов” фермер хўжалиги фаолияти билан танишди, Исоқжон билан узумчиликни ривожлантириш масаласида фикр алмашди ва зарур топшириқлар берган эди.

– Қилган меҳнатимизга давлат раҳбари миннатдорчилик билдирди. Чарчоқларимиз чиқиб кетди. Келгусида халқимиз дастурхонларига яна ҳам яхши маҳсулот етказиб беришга бел боғладик. 

Исоқжоннинг орзуларидан бири – Олтиариқда янги навли узум турини яратиш. Бунинг учун у изланишда.

– Ҳозир 10 дан ортиқ янги навларимиз бор. Шулардан бозор талабига мос данаксиз узумга эътибор беряпмиз. 

“Хайрулло Бойматов” фермер хўжалиги маҳсулотлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро йирик савдо шохобчаларида сотиляпти.

– Корзинка дўконларига тўғридан тўғри етказиб беряпмиз. Авваллари ўртакаш бўлар эди. Ҳозир ўзимиз етказамиз. Эрталаб узилган маҳсулотимиз кечга бориб дўкон растасига етиб боряпти. 

Ҳар ким, ҳар ишда саховатли бўлиши керак. Исоқжон Бойматов шундай инсонлардан.

– Совутгич омборларимизни қуриб битказдик. Келажакда халқимиз учун мактаб, боғча қуришни режа қилганмиз. Чунки Президентимизнинг бизга яратиб бераётган имконияти, одилона сиёсати натижасини кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/AS2D2dCIf9o" title="Oltiariqning uzumzor bogʻlari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари