Бугун дунёнинг саноқлигина мамлакатларида мевали винолар ишлаб чиқарилади.
Кўпчилик одамлар вино маҳсулотини фақатгина узумдан олинади, деб ҳисоблайди. Аслидачи? Дунёнинг қатор давлатлари — Исроил, Арманистон, Озарбайжон, Грузия ва Кавказ мамлакатлари, энг қувонарлиси, Ўзбекистонда ҳам тотли мевалардан ажойиб таъм ҳамда мазага эга винолар ишлаб чиқарилади.

2018 йилда ташкил этилган “Фергана Франс“ масъулияти чекланган жамияти бугунги кунда биринчилардан бўлиб узум билан бирга, анор, гилос ва беҳи каби мевалардан ҳам вино ишлаб чиқаришни ҳамда унинг экспортини йўлга қўйган. Мазкур қўшма корхонанинг Помир-Олой этагида 600 гектар майдонда узумзор ва мевазор боғлари мавжуд бўлиб, бу тоза ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мевали виноларнинг узум виноларидан фарқли жиҳати ўзининг хуштаъм ва фойдали эканлигидадир. Мевали винолар янгича таъми, яъни кўриниши, ранги, ҳиди, умуман олганда, меваларнинг энг фойдали микроэлементларини ўзида жамлагани билан ҳам диққатга сазовордир. Бугунги кунда дунё мамлакатлари аҳолисининг мевали виноларга қизиқиши ва эҳтиёжи ортиб бормоқда. Хусусан, Россия, Хитой, Европанинг Эстония, Латвия ва Литва каби бир қатор мамлакатларига мевали винолар экспорт қилинаётгани ва таклифлар олинаётгани фикримизнинг исботидир.
Маълумки, жорий йилнинг 7 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида узумчилик соҳасини янада кенгайтириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиши айтиб ўтилди. Хусусан, бу борада бир нечта ҳудудларнинг узумчилик мактабини намуна сифатида татбиқ қилиш ва ҳудудлар миқёсида тарғиботини ташкил этиш белгилаб олинди. Шу муносабат билан Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида республикамизнинг қирқдан ортиқ туман ҳокимлари бошчилигида илғор ташаббускорлар, кластер раҳбарлари, деҳқонлар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича мутахассислар иштирокида ўқув амалий семинарлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги матбуот хизматининг хабар беришича, семинар иштирокчилари нафақат узум етиштириш, балки уни қайта ишлаб чиқариш жараёнларини ҳам кўздан кечирди.
Жумладан, семинар иштирокчилари “Фергана Франс“ масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлиб, унинг фаолияти билан танишди, узум ва бошқа меваларни қайта ишлаш, вино ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирдилар. Шу билан бирга, меҳмонлар учун плантациялар бўйлаб саёҳат уюштирилди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби амалий семинар ва ўзаро тажриба алмашинувининг йўлга қўйилиши узум етиштириш ва уни қайта ишлаб чиқариш бўйича кўникмаларни оммалаштириш ва янада бойитишда муҳим ўрин тутади.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда етиштирилган узум ва меваларнинг ўзига хос таъми, витамин ва минералларга бойлиги уларни қайта ишлаш жараёнида ҳам ўз хусусиятини йўқотмасдан, юз фоиз табиий маҳсулотлар тайёрлаш имконини беради.
М.Комилова, ЎзА