Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олтиариқнинг обод ва равон йўллари
09:10 / 2023-06-07

Азалдан йўл, кўприк қуриш, таъмирлаш улуғ ва савоб амаллар саналган. Зеро, борар манзилимиз яқин бўлиши, йўл машаққатининг енгил ўтиши ана шу йўлларга, уларнинг сифати ва текислигига боғлиқ. Фарғона вилоятида бугунги кунда йўлсозлар томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу кунларда Олтиариқ туманига йўли тушган одам бу ердаги бунёдкорлик, ободончилик ишларига гувоҳ бўлади. Айниқса, равон ва текис йўллар киши эътиборини тортиши шубҳасиз. Тан олиш керак, халқимиз турмуш шароити яхшиланиши натижаси ўлароқ автомобиллар сонининг кескин ортиши, қатнов даражасининг кўтарилиши юз кўрсатаётган ҳозирги пайтда туман йўлсозларининг меҳнати ва жонбозлигига таҳсин айтгинг келади. Халқ тили билан айтганда, йўллардаги “яма”ларнинг кун сайин камайтирилаётгани, ўнқир-чўнқирликларга барҳам берилаётгани, йўл четларидаги тозалаш ва бўяш ишлари амалга оширилаётгани, айниқса, ҳайдовчилар олқишига сазовор бўлмоқда.

– Белгиланган режа асосида туманимиз ҳудудидаги барча йўлларда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, – дейди Олтиариқ тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бош муҳандиси Дилшод Собиров. – Жумладан, жорий йил учун белгиланган дастур асосида умумфойдаланишдаги 384 километр, давлат аҳамиятидаги 105 километр ва маҳаллий аҳамиятдаги 279 километр масофадаги йўлларда таъмирлаш-реконструкция, асфальт, шағал ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, йўл ёқаларига ҳам эътибор қаратилиб, мунтазам равишда чиқиндилардан тозалаш, оқлаш-бўяш ишлари олиб бориляпти, автобекатлар ва йўл белгилари таъмирланяпти, йўл четлари, айланма ва бурчакли ўтказмалар ичига гул кўчатлари экилиб, парваришланяпти.

Президентимизнинг ўтган йил 25 октябрда қабул қилинган “2022 – 2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида тумандаги аксарият маҳаллаларнинг муаммоси ҳал бўлмоқда. Ички йўллар тўлиқ асфальт қилиниб, кўчалар янада чирой очмоқда.

Айни пайтда юртимизда пишиқчилик мавсуми, Олтиариқ эса тадбиркорлар, миришкор деҳқонлар юрти. Ғарқ пишган мева-чеваларни истеъмолчиларга сифатли етказиш, хорижга экспорт қилиш авж олган паллада, шу билан бирга, чет эллик сайёҳлар ташрифи кун сайин ортиб бораётган пайтда йўлларимизнинг равонлиги, атроф ҳудуднинг ободлиги эътиборга молик. Йўлсозларнинг фидокорона меҳнати эса чин маънода мамлакат тараққиёти, юртдошларимизнинг ҳаётдан розилиги сифатида намоён бўлаверади.

М.Сулаймонов, ЎзА