Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олтиариқликларнинг узум етиштириш сири нимада?
14:14 / 2023-07-31

Олтиариқ узумларидан татиб кўрганмисиз? Унинг ўзига хос мазаси, қуёш нурларидек товланувчи доналари кишини ўзига ром этади. Шу боис бугунги кунда бу заминда етиштирилаётган узумлар бутун дунёда харидоргир.

Президентимиз топшириғи асосида Олтиариқ туманидаги илғор тажрибалар эндиликда бутун мамлакатимиз бўйлаб оммалаштирилади. Фарғона вилоятида узум етиштиришда Олтиариқ тажрибасини жорий этиш бўйича кўргазмали семинарда бу борада аниқ вазифалар белгилаб олинди, миришкор деҳқонлар билан узум парваришлаш сирлари ўртоқлашилди.  

Ўзбекистонда 181 минг гектар майдонда узумнинг турли навлари етиштирилмоқда. Олтиариқ туманида узумчиликда катта мактаб яратилган. Айни пайтда аҳоли хонадонларида қарийб 5 минг гектар ерда узум парваришланяпти. Ҳовли уйлар ташқарисида қўшимча яна минг гектар ерда узум етиштирилади. Бугун олтиариқликлар томонидан халқ дастурхонига ўнлаб навдаги сифатли ва сархил узумлар етказиб берилмоқда, шунингдек, хорижга ҳам минглаб тонна узум экспорт қилинмоқда. “Чинортаги” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳусанбой ака Ғофуров қарийб ярим асрдан буён узумчилик билан шуғулланади. Ҳозирги кунда унинг хонадонида “Ҳусайни”, “Ризамат ота”, “Келин бармоқ”, “Қора шаҳзода”, “Шоҳонак” сингари ўндан ортиқ узум навлари парваришланади. Эътиборлиси, оила аъзолари кузда пишган узумни токдан узмаган ҳолда кейинги йилнинг баҳоригача сақлаш, уй шароитида узоқ муддат табиий усулда сақлаган ҳолда харидорларга етказиб бериш борасида катта тажрибага эга.  

Семинар иштирокчилари мазкур хонадонда бўлиб, узум етиштиришнинг сир-синоати билан танишди. Ҳусанбой ака томонидан ўз томорқасида етиштирилаётган узум навлари, ўзига хос парвариш усули ҳақида батафсил маълумот берилди. Хонадон соҳиби ўз уйида, қўлбола усулда сақланаётган ўтган йилги узум меваларидан меҳмонлар олдига олиб чиқиб, ҳаммани хайратлантирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев Ғофуровлар сулоласи узумчилик борасида маҳоратли деҳқон эканликлари, Хусанбой аканинг отаси ҳам йилнинг исталган вақтида омборхонасидан узум сақлашнинг уддасидан чиқадиган киши бўлганлигини эътироф этди.  

“Узумчи”, “Кўлбўйи”, “Мирфозил” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган миришкорларнинг узумчиликдаги ютуқлари семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Ҳар бир хонадон бир йилда 5-20 тонна узум етиштиради, даромад ҳам шунга яраша. Уч кун давомида меҳмонлар Қўштепа туманидаги “Намуна”, “Қўштепа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли томорқаларида интенсив усулда узум навларини парваришлаш, Фарғона шаҳридаги “Илясов” агрокластер томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш ҳамда агрологистика маркази фаолияти кабилар билан танишди.  

М.Сулаймонов, ЎзА