Олтиариқда янги спорт майдончаси
Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги байрами арафасида Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 39-мактаб ҳудудида замонавий универсал спорт майдончаси қурилиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Мазкур майдонча “Беш ташаббус” олимпиадаси доирасида спортчи қизларнинг ютуқларга эришгани туфайли барпо этилди. 2024 йилда параенгил атлетика спорт тури бўйича республика босқичида 1-ўринни қўлга киритган Гулнора Камолова Олтиариқ туманининг фахри саналади. У спортдаги муваффақияти сабабли бутун маҳалланинг ифтихорига айланди.


Янги иншоотнинг очилиш маросимида туман ҳокимлиги вакиллари, мактаб жамоаси, спортчи ёшлар ва жамоатчилик иштирок этди. Туман ҳокими ўринбосари Азимжон Исломов ёшларни табриклади.


Янги спорт майдончаси универсал бўлиб, у футбол, волейбол, баскетбол каби турли спорт турларини ўтказишга мос. Шунингдек, маҳаллий болалар ва ўсмирлар учун кечки вақтларда ҳам машғулотлар ўтказиш имконияти яратилган.
Нигора Раҳмонова, ЎзА