Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олтиариқда шундай боғча борлигини биласизми?
14:47 / 2024-01-25

Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг ҳар томонлама етук шахслар бўлиб вояга етишиши учун тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу борада ҳукумат қарорлари, давлат дастурлари қабул қилиняпти.

Лекин Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги 36-давлат мактабгача таълим ташкилотига бу ислоҳотлар шабадаси етиб келмаган кўринади. Ушбу мактабгача таълим ташкилоти биносини кўрибоқ шундай фикрга келишингиз тайин.  

Туманнинг "Ҳамид Олимжон" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган муассаса биноси қурилганига қарийб 65 йил бўлган, лекин яқин йилларда умуман таъмирланмаган.  

– Ҳудудимизда аҳоли зич яшайди. Боғча учун талаб ҳам юқори, – дейди ДМТТ мудираси Мафтунахон Қодирова. – Юқори ташкилотларга кўп бора мурожаат қилганмиз, лекин натижа йўқ. Ишчи гуруҳ, ҳокимлик вакиллари ҳам келиб ўрганиб кетишади, бироқ бош чайқаб, аҳволимизга ачинишдан нарига ўтишмайди. Хоналар болаларнинг ўйнаши, овқатланиши, дам олиши учун торлик қилса-да, бир иложини қилиб жойлаштиряпмиз. Бинонинг баъзи жойлари нураб, йилдан- йилга яроқсиз ҳолга келяпти.

[gallery-15630]

Болалар боғчаси 90 ўринга мўлжалланган, лекин айни кунда 180 нафар бола қатнаяпти. Жами 42 нафар ходим меҳнат қилади.  

–   Олий ўқув юртини тамомлаб, шу ерга ишга келганман. Шу йиллар давомида боғчамиз бирор марта тўлиқ таъмирланмади. Баъзан ойнаи жаҳонда барча қулайликка эга, кичкинтойлари мазза қилиб тарбияланаётган боғчаларни кўриб қолсам, кўзларимдан ёш сизиб чиққанини сезмай қоламан, – дейди тарбиячи Муаззамхон Акбарова.

Биз бу масканда тарбияланаётган беғубор болажонлардан келгусида таниқли шоир-ёзувчилар, ихтирочи-ю муҳандислар чиқишига ишонгимиз келади. Лекин бундай абгор шароитда вояга етаётган жажжиларда нима айб?  

Бунга масъуллар нима деркин?

М.Мамажонов,  

ЎзА