Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олти ойда Қонунчилик палатасига жисмоний ва юридик шахслардан 3 минг 777 та мурожаат келиб тушди
17:51 / 2023-08-08

Мамлакатимизда ҳар бир шахснинг давлат идоралари, муассасалари, шу жумладан халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқи конституциявий норма асосида шаклланди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 40-моддасида ҳар кимнинг бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилди. Ўз навбатида, аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шартлиги ҳам Бош қомусимизда акс этган.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлик корпуси вакиллари ҳам фуқаролардан келадиган аризаларни ҳар томонлама, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда.  

Халқ билан очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш, жойларда мурожаатларда баён этилаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда ҳал қилиш, фуқаролар томонидан кўтарилаётган масалаларни давлат ва хўжалик бошқарув органлари олдига қўйиш депутатлар фаолиятининг бош мезони ҳисобланади.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Парламент ахборот маркази маълумотига кўра, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида Қонунчилик палатасига жисмоний ва юридик шахслардан жами 3 минг 777 та мурожаат келиб тушди. Шундан 619 таси Қонунчилик палатаси виртуал қабулхонасидан, 407 таси Президент виртуал қабулхонасидан, 1 минг 38 таси фуқаролар қабулидан, 386 таси депутатлар сайёр қабулидан, 1 минг 327 таси почта алоқа бўлими орқали келиб тушган.  

Депутатларнинг сайловчилар билан ўтказаётган юзма-юз очиқ мулоқоти ва учрашувлари аҳолининг халқ вакилларига бевосита мурожаат қилиш ва уларнинг муаммоларига ечим топиш имкониятини яратмоқда.  

2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида депутатларнинг сайловчилар билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқоти ва учрашувларда жисмоний ва юридик шахслардан 386 та мурожаат қабул қилинган. Сайёр қабуллар жараёнида мурожаатлар сонининг камайиши янги шаклда яратилган Қонунчилик палатаси Виртуал қабулхонаси ва депутатларнинг шахсий телеграмм каналлари орқали фуқароларнинг мурожаат қилиш имкониятларининг яратилиши билан боғлиқдир.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси томонидан юборилган мурожаатлар 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида 407 тани ташкил этиб, ҳисобот даврида мурожаатлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23 тага ошган.  

Қонунчиликка мувофиқ, мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин ва уларнинг шаклидан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга бўлади. Қонунчилик палатасига йўлланган мурожаатларнинг 2 минг 606 тасини ёзма, 1025 тасини электрон, 146 тасини оғзаки мурожаатлар ташкил этади. Мурожаат таҳлили ҳисобот даврида Қонунчилик палатасига такрорий мурожаатлар сони ошганини кўрсатмоқда. Бинобарин, мурожаатларнинг 508 таси такрорий мурожаатлар бўлиб, улар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 139 тага ёки 27,3 фоизга ошган.  

Ҳисобот даврида энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри (20,3 фоизи), Қашқадарё (13,4 фоизи), Тошкент (11 фоизи), Самарқанд (9,6 фоизи), Наманган (8,4 фоизи), Фарғона (6,1 фоизи)  вилоятларидан келиб тушган. Ҳудудлардан Қонунчилик палатасига юборилган мурожаатлар сони камайган бўлса-да, айрим ҳудудлардан келган мурожаатлар салмоғи юқорилигича қолмоқда.  

Мисол учун, Тошкент шаҳридан келиб тушган мурожаатлар сони 2022 йилнинг мос даврида 1035 тани ташкил этган бўлиб, ҳисобот даврида 265 тага камайган, аммо Тошкент шаҳри аҳолиси томонидан юборилган мурожаатлар жами мурожаатларнинг катта қисмини ташкил этмоқда. Бошқача айтганда, ҳар бешта мурожаатнинг биттаси пойтахтликлардан келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг энг кўп қисмини судлар ваколатидаги (112 та), маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятига оид (78 та), уй-жой масалаларига оид (42 та), ички ишлар органлари масалаларига оид (38та) мурожаатлар ташкил этди.  

Мурожаатларда кўтарилган масалалар давлат органлари томонидан қай даражада ҳал этилаётгани ҳолати юзасидан 2023 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Қонунчилик палатасининг қўмиталари томонидан давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб борилган.  

Мисол учун, ҳисобот даврида Меҳнат ва ижтимоий масаллар қўмитаси ташаббуси билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирликларининг, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлигининг ахборотлари эшитилди.  

Алоҳида таъкидлаш керак, Қонунчилик палатасига келиб тушаётган мурожаатлар ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб ўрганилганда, аҳоли мамлакатимизда кечаётган жараёнларни, Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватлаётгани кузатилди.  

Бундан ташқари, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир асослантирилган таклифлар мурожаатларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда. Ҳисобот даврида 224 та шундай таклиф келиб тушган. Қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан юборилган таклифлари тегишли қўмиталар томонидан уларнинг ўзлари иштирокида муҳокама этиб борилди. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича берилган таклифлар масъул қўмиталар томонидан атрофлича кўриб чиқилган ва асосли деб топилган 15 та таклиф қонун ижодкорлиги жараёнида инобатга олинган.  

Ҳисобот даврида сайловчиларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш, учрашувлар давомида аниқланган муаммо ҳамда камчиликларни баратараф этишда парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 52 та депутат сўровлари юборилди. Аҳоли томонидан кўтарилган муайян масалалар депутат сўровлари асосида тегишли мансабдор шахсларга юборилиши ва уларни ижобий ҳал этилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишига хизмат қилмоқда.  

Сайловчилар билан мулоқот қилиш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш депутатларнинг фаолиятида устувор аҳамият касб этишда давом этади. Зотан, айнан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган ва қабул қилинаётган қонунларнинг натижадорлиги ҳамда самарадорлигини кўрсатиб беради.  

ЎзА