Олти ойда 800 тадан ортиқ қонунбузарлик
Давлат хизматлари агентлигининг жойлардаги марказлари фаолиятидан бугун кўпчилик фуқаро ва тадбиркорлар мамнун.
Давлат хизматлари агентлигининг жойлардаги марказлари фаолиятидан бугун кўпчилик фуқаро ва тадбиркорлар мамнун.
Чунки бир замонлар арзимаган бир кичик масала ҳам ўнлаб ташкилот орасида овораю сарсонгарлик, сансоларлик, бебаҳо вақтини совуриш эвазига ечим топган бўлса, эндиликда мазкур ташкилот 130 дан зиёд давлат хизматларини кўрсатиб, юртдошларимизнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда.
– Тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтказиш, уни тугатиш ва қайта тиклаш, газ, электр, сув тармоқларига уланиш каби оддийгина масалалар бўйича ҳам ойлаб югурган, бундан безиб бошлаб қўйган бизнес режаларимизни ўлда-жўлда ташлаб кетган вақтларимиз ҳам бўлган, – дейди Наманган туманидан тадбиркор Т.Қаюмов. – Эндиликда бундай муаммолар ортда қолди ва бу айниқса, тадбиркорликни ривожлантиришда катта аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда Давлат хизматлари агентлигининг Наманган вилояти бошқармаси томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш, уларни турли сарсонгарчиликларига барҳам бериш мақсадида қирққа яқин давлат органлари билан ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилгани тизим фаолиятининг самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Бироқ шу билан биргаликда Давлат хизматлари марказлари фаолиятига соя ташлаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, айрим ваколатли органлар томонидан марказлардан юборилган аризаларни белгиланган муддатда кўриб чиқмаслик, яъни, ўз ишига маъсулиятсизлик билан ёндашиш каби ҳолатлар фуқароларни ортиқча сарсон бўлишига сабаб бўлмоқда.
– Туман ва шаҳар давлат хизматлари марказларида жорий йилнинг 1 июль санасига қадар аҳолидан 281 минг 411 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 816 тасини кўриб чиқишда қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилгани аниқланган, – дейди бошқарма бош маслаҳатчиси Н. Ҳабибуллаев. – Таҳлилларга кўра, буларнинг 33 таси ортиқча ҳужжат қабул қилиш, 758 таси муддатга риоя қилмаслик каби ғайриқонуний амалиётлардир. Шунингдек, 5 та мурожаат асоссиз рад қилинган ва 20 тасида бошқа қонунбузилишлар йўл қўйилган.
Мазкур қонунбузулиш ҳолатлари бўйича бошқарма томонидан тегишли қонуний чоралар кўрилди. Хусусан, 354 нафар ходимга нисбатан таъсир чоралари қўлланилди. Жумладан, 25 та тақдимнома ва 225 та огоҳномалар киритилиб, 102 нафар масъул шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари расмийлаштирилди.