English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олти ойда 16 минг 54 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди
20:46 / 2021-07-09

Андижон вилояти Адлия бошқармасининг 2021 йил биринчи ярмидаги фаолияти ҳамда келгусидаги режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Бошқарма мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари,  давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда адлия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.  

 - Бошқарма ва унинг туман, шаҳар бўлимларига 2021 йилнинг биринчи ярмида 2 минг 912 та мурожаат келиб тушди, - дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Отабек Бозоров. -  Мурожаатларнинг 2 минг 232 таси сайёр қабуллар доирасида қабул қилинди. Умуман, мурожаатларнинг 2 минг 444 таси ёки 84 фоизи ҳал этилди, 764 таси юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берилди.  

Қаноатлантирилган мурожаатлар асосида турли идораларга 132 та тақдимнома, судларга 4,3 миллиард сўм миқдоридаги маблағни ундириб бериш бўйича 356 та даъво аризаси, маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича 20 та таклиф киритилди.  

Бошқарма ва туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 154 марта ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар давомида 16 минг 54 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.  

Таҳлилларга кўра, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ер кадастр, газ, электр энергияси таъминоти, йўл қурилиш, ҳокимликлар ҳамда давлат харидлари тизимларида энг кўп қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.    

[gallery-3069]

Мутахассислар томонидан қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан турли ташкилотларга 846 та тақдимнома киритилди. Ана шу тақдимномалар асосида фуқароларга 1 миллиард 562 миллион сўм миқдоридаги маблағ қайтарилди, шунингдек, 4 та ҳужжат ижроси тўхтатилди, 1 минг 736 та ҳужжат ижроси бекор қилинди, 497 нафар шахс хатти-ҳаракатлари бўйича интизомий жавобгарликка тортилди, уларнинг 19 таси билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.    

Бундан ташқари, турли ташкилотларга қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан 3 минг 194 та огоҳнома киритилди. Шунингдек, ходимлар томонидан жами 480 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, 4 та ҳолатда маъмурий баённома расмийлаштирилди, 486 та ҳолатда ваколатли органлар ёки уларнинг масъулларини маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар юборилди.  

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 167 минг 130 та нотариал ҳаракатлар амалга оширилди. Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар натижасида 45,4 миллиард сўм давлат божи, 12,5 миллиард сўм пуллик хизмат учун тўловлар ундирилган.  

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши мунтазам ўрганиб борилди. Ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланган ҳолатлар юзасидан бошқарма ҳузуридаги малака комиссиясига 16 та тақдимнома киритилди. Мазкур комиссия томонидан тақдимномалар кўриб чиқилиб, 22 нафар нотариуснинг хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияси амал қилиниши 15 кундан 6 ойгача бўлган муддатга тўхтатилди.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 сентябрдаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида Марҳамат туманида Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилди. Марказ томонидан тумандаги барча давлат ташкилотлари тўлиқ “E-HUQUQSHUNOS” электрон ҳужжат айланиш тизимига интеграция қилинди.  

Матбуот анжуманида бошқарманинг келгусидаги режалари хусусида ҳам маълумотлар берилди, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил  жавоблар олди.  

Фахриддин Убайдуллаев,  

Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА