“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизматининг маълум қилишича, айни совуқ кунларда тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида ушбу ташкилот мутахассислари 24 соатлик режимда фаолият кўрсатмоқда.
Тизимда муаммолар кузатилган жойларда газ таъминотини яхшилаш борасида соҳа мутахассислари томонидан барча керакли ишлар давом эттирилмоқда. Авария-тиклаш жараёнлари тезкорлик билан олиб бориш учун барча захиралар яратилган.
Жорий йилнинг 12 декабрь куни мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида юзага келган авариялар бартараф этилган.
Аҳоли истеъмолчиларида узилишларнинг олдини олиш мақсадида бугун пойтахт, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги АГТКШларнинг фаолиятида қўшимча чекловлар киритилди. Ҳозирги вақтда белгиланган график бўйича 1179 тадан 547 АГТКШ иш фаолиятида.
«Ўзгидромет» хабарига кўра, 14-15 декабрда Ўзбекистон ҳудудидан совуқ ҳаво массаси чекина бошлайди ва совуқ кучсизлашади.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА