Бухоро вилоятининг олис тумани Олотда ўтган йили амалга оширилган инвестиция лойиҳалари туфайли 2 мингдан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлса, қишлоқ хотин-қизлари уларнинг катта қисмни ташкил этади.
Иқтисодий аҳволи, хонадонлар моддий манфаатдорлигига биноан ажратилган тоифага назар солсак, ўтган йил бошидан ҳудуддаги 38 та маҳалланинг 20 таси “сариқ”, 18 таси “яшил” кўрсаткичга ажратилган ва одамлар ижтимоий муҳофазасига доир тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Зеро, уйма-уй юриб ўрганишлар ва хатловлар натижасида ҳудуддаги Усмоншайх, Ғанчи Чандир, Ўзбекистон, Каттабаёт, Опшоқ, Шайхлар, Давлатбой каби ўнга яқин қишлоқда ишсизлик даражасини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Шу боис, жойларда ташаббускор тадбиркорлар истиқболли лойиҳаларини амалга оширишга эътибор кучайтирилган.
Бугун чекка туманда яна бир тадбиркорлик субъекти – “Nuraziz textile” МЧЖ ўз фаолиятини йўлга қўйгани қўлида тикувчилик ҳунари бўлатуриб, уйда ишсиз ва даромадсиз қолган маҳаллий хотин-қизлар учун айни муддао бўлди.
–Цехимизда 17 нафар ишчи-мутахассис фаолият олиб бораётган бўлиб, уларнинг 3 нафари касб-ҳунар мактаби ўқувчиси, –дейди Ёш ботир маҳалласидаги касб-ҳунар мактабида жойлашган тикувчилик цехи раҳбари Шойиддин Авезов. –Улар дарсдан сўнг шу ерда ишлашади. Ҳозир йигирмага яқин тикув дастгоҳи билан жиҳозланган бу кичик корхонада эркаклар ва аёллар учун мўлжалланган спорт кийимлари тайёрланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири