Республика ҳукумати ҳамда Халқаро тараққиёт ва тикланиш банки ҳамкорлигида мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги тармоқлари, жумладан, мева-сабзавотчилик секторини ривожлантириш, боғ-токзорларни кенгайтириш ҳисобидан етиштириладиган маҳсулот салмоғини ошириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Бухоро вилоятининг олис Олот туманида аҳолини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий, ижтимоий ва бошқа хизматлар қаторида дармондорига бой мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда халқаро молия ташкилоти моддий хайрихоҳлиги туфайли туманга қарийб 70 минг туп узум ва мевали дарахт кўчатлари келтирилди.
–Бунда республика Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги академия, шунингдек, Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти билан ҳамкорлик қилинди, – дейди Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова. – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги академияси масъул ходимлари томонидан водий вилоятларидаги илғор хўжаликларда етиштирилган мевали дарахт ва ток кўчатларидан вилоятнинг олис туманига жами 69 минг 986 туп, шундан 17 минг туп олма, 9 минг туп беҳи, 11 минг 540 туп ўрик, 7 минг тупдан ортиқ шафтоли, 3 минг 320 туп ёнғоқ ҳамда турли хил ва навга мансуб узум кўчатлари келтирилди. Айни кунда ҳудуддаги 38 та маҳалла фуқаролар йиғинига тақсимлаб, тарқатиб берилди. Бундан ташқари, жорий йил якунигача жумладан, Олот туманида 597 минг 600 туп кўчат ўтқазиш режалаштирилган.
Маълумот учун, жорий мавсумда туманда автомобиль йўллари ёқасида 68 минг туп, фермер хўжаликлари фойдаланишидаги ер майдонлари атрофларига 140 минг туп, Ўрмон хўжалиги ташкилотлари ҳудудларида 73 минг 600 туп, ижтимоий соҳа иншоотлари, идора ва ташкилотлар ҳудудида 28 минг тупдан ортиқ, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш тармоғидаги иншоотлар ҳудудида 35 минг туп кўчат ўтқазилмоқда. Худди шундай, туман наслчилик хўжалигида 15 минг туп, сув оқова туман филиали томонидан 10 минг туп, электр тармоқлари ва газ таъминоти бўлимлари томонидан минг туп, маданият бўлими 1 минг 600 туп, қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғинларида 125 минг 300 туп ток ва тут кўчатлари ўтқазилиб, боғ барпо этиш мақсадида 23 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши кўзда тутилган. Ҳар бир ўтқазилаётган кўчатнинг сувга эҳтиёжи, агротехник талабга мос парвариши алоҳида ўрганилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.