English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олотда логистика маркази иш бошлади
17:37 / 2024-07-26

Бухоро вилоятининг “Олот” чегара постига туташ ҳудудда замонавий логистика маркази ташкил этилди.

Мазкур логистика маркази умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг. Унинг фаолияти “Euroasia Transportation and Logistics Company” МЧЖ негизида йўлга қўйилди. Марказнинг ойлик фаолият қуввати 745 та транспорт қатнови ҳамда назоратини амалга оширишга мўлжалланган бўлиб, 30 та иш ўрни ташкил қилинди.  

Лойиҳани амалга ошириш учун туман ҳокимлиги томонидан 2019 йил 30 сентябрдаги 2627-сонли қарорга мувофиқ, давлат-хусусий шерикчилиги асосида Солақоровул маҳалласидаги “Олот чегара божхона пости” ҳудудига туташ 28 гектар ер майдони ажратилган.  

Лойиҳа бош режасига асосан, 2023-2025 йиллар мобайнида ҳудудда жами 16 та объект барпо қилиниши режалаштирилган. Айни кунда қурилиш ишлари икки босқичда амалга оширилмоқда.  

Ҳозирда бу ҳудуднинг 10 гектарли майдон қисми бетонлаштирилиб, автотураргоҳ ташкил қилинган. Шунингдек, 457 метр-квадрат ҳудудда икки қаватли меҳмонхона биноси ва юкларни қабул қилиш ҳамда сақлаш учун омборхона биноси қурилган. Бундан ташқари, кафе, савдо дўкони ва автомобилларга хизмат кўрсатувчи шохобча қуриб, фойдаланишга топширилган.  

Лойиҳага биноан, замонавий логистика марказида 18,3 метр-квадрат  майдонда кириш-назорат пункти, 947,3 метр-квадрат ерда 2 та маъмурий бино, 6 минг метр-квадрат ҳудудда омборхона, қолаверса, текшириш гуруҳи учун хоналар барпо этилган.  

Бундан ташқари, марказда қўшимча юк автомобиллари тураргоҳи, санитария-карантин ҳудуди, худди шундай, ёнғинга қарши насос станцияси қурилиши яқинда старт олади. Умуман, лойиҳанинг дастлабки босқичида олис ҳудуддаги замонавий логистика маркази иш фаолиятини бошлади. Ҳозирда бу ҳудудда 900 тадан ортиқ юк ташиш автомашинасини  сақлаш ва ҳайдовчиларга хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилди.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.