English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олмазор ва Чилонзор тумани фуқароларининг коммунал соҳага оид мурожаатлари ўрганилди (+видео)
17:43 / 2023-02-09

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, эндиликда кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли уй-жой мулкдорлари ширкати ёки бошқарув сервис компанияларини танлаш ҳуқуқига эга. Бу рақобат ҳар иккала тизимнинг қай бири афзаллиги, одамлар ишончини оқлай олиши борасида аҳолининг мустақил танловини юзага келтирмоқда.

Аммо бу борада ҳали қилиниши керак бўлган кўп ишлар бор. Бу тизим яқинда жорий этилгани боис, бир қатор муаммолар юзага келяпти. Шундай муаммолар билан Тошкент шаҳар Олмазор ва Чилонзор тумани фуқаролари мурожаат қилди.  

Мурожаат бўйича дастлаб, Олмазор тумани Хислат маҳалласи аҳолиси билан суҳбатлашдик. Ўрганиш жараёнида иссиқлик тизимида муаммолар борлиги маълум бўлди. Мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига мурожаат қилдик.  

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазир ўринбосари Озода Жўраева, Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Ҳабибулла Мирсоатов Олмазор тумани Хислат маҳалласи аҳолисидан келиб тушган мурожаатни жойига чиққан ҳолда ўрганди.  

Мурожаатга кўра, хонадонларда иссиқлик таъминоти етарли эмас. Мазкур уйларга хизмат кўрсатувчи “We will work” бошқарув сервис компанияси масъуллари ҳамроҳлигида қозонхонанинг газ босими кўрилганда босимнинг етарли даражада эмаслиги аниқланди.  

Мазкур бошқарув сервис компанияси фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган бўлсада, бошқарувида бўлган 22 та кўп қаватли уйнинг ертўла қисмларини тўлиқ таъмирлаган. Ҳозирда хонадонлардаги ички тармоқларни алмаштириш юзасидан аҳолига тушунтиришлар олиб борилмоқда. Шунингдек, компания уйларнинг том қисмларини жорий йил тўлиқ таъмирлашни режалаштирган. Мазкур ишлар учун компания томонидан 700 миллион сўм инвестиция маблағлари ажратилган.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2AOE9ZqaZqU" title="CHILONZOR" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева ҳамда бошқа мутасаддилар аҳоли мурожаатларига асосан пойтахтимизнинг Чилонзор тумани 20-мавзеси 27-сон кўп квартирали уйда бўлди. Хусусан, аҳоли билан суҳбатда мавжуд камчиликларни келтириб чиқараётган сабаблар муҳокама қилинди.  

Aниқланишича, “Мах Қур лидер” БСК томонидан хизмат кўрсатиладиган мазкур уйнинг дебитор қарздорлиги 64 миллион сўмни ташкил этади. Шу боис мулкдорларга тўловларни ўз вақтида тўлаш лозимлиги, шундагина компанияда уйдаги муаммоларни бартараф этиш имконияти бўлиши таъкидланди.  

– Қарс икки қўлдан чиқади. Биргина кириш йўлакларида чироқ ёниб туриши учун ҳам аҳоли ўз вақтида пул тўлаши керак, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазир ўринбосари Озода Жўраева. – Бир ойлик интернет тўлови учун 200 минг сўмга яқин пул тўлаймиз, бутун бошли уйнинг техник ҳолатини сақлаш учун эса 50 минг сўм тўлашни эп кўрмаяпмиз. Бу уй сизнинг хусусий мулкингиз, уни асраб-авайлаш учун ҳамма жон куйдириши керак. Aҳолининг коммунал маданияти шаклланмаса, ҳамма бирдек дахлдорлик туйғусини ҳис қилмаса, ушбу муаммолар бошқа бошқарув ташкилоти билан давом этаверади.  

Маълум бўлишича, йиллар мобайнида фуқаролар ширкатларга пул тўлаган, аммо ширкатлар деярли хизмат кўрсатмаган. Фуқаролар коммунал муаммоларини ўзлари ҳал қилишган. 8 ой олдин шу ҳудудга “Мах Қур лидер” бошқарув сервис компанияси фаолиятини бошлаган. Аммо бу бошқарув сервис компанияси ҳам юқоридаги ширкатлар каби халққа хизмат кўрсатмаган. Натижада одамлар пул тўламаган ва қарздорлик кўпайган.  

Шунингдек, аҳолига амалдаги компания фаолияти қониқтирмаса, бошқа бошқарув ташкилотига ўтиш ёхуд бошқарувни ўз вакилларига бериш таклифи илгари сурилди.  

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъуллари фуқароларга мавжуд дебитор қарзлар тўланса, коммунал тизимдаги муаммолар бартараф этилишини назоратга олишни маълум қилди. Фуқаролар бу тўловларни тўлашини билдиришди.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА