Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида “Ўлмас Умарбеков. Замондошлар хотирасида” номли китоб нашрдан чиқди.
Адабиётдан хабардор ўқувчи Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли ёзувчи, давлат ва жамоат арбоби Ўлмас Умарбековнинг ижоди, шахсияти, миллий адабиётимзда тутган ўрни ҳақида яхши билади.
Китобни қўлга оларкансиз, илк саҳифалариданоқ бу китоб одатдаги “хотира” китоблардан кескин фарқ қилишини ҳис қиласиз.
Китоб икки қисмдан иборат. Биринчи қисмга кузатишлар, ўйлар, мақолалар киритилган, иккинчи қисмдан эса қисса ва эсселар жой олган.
Хотиралар Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Йўқлов”и билан бошланади:
Чеҳрангда табассум балқирди доим,
Кўнгил боғинг эди чечакли, гулли.
Арши аълога ҳам сендек мулойим,
Хушсурат бандалар даркор, шекилли.
Ҳар зумда ўлимни кутиб яшамоқ
Унинг ўзидан ҳам даҳшатлироқ ҳис.
Сенга шундай юрак бермишдир Халлоқ,
Боқдинг ажалнинг ҳам кўзига мунис...
“Мен Ўлмас Умарбеков ижоди диққат қилса арзирли деб ўйлайман. Ўлмас асарларидаги мавзу муҳимлиги, актуаллик ва чуқур замонавийлик менга ёқади” деган иқрорни ўқийсиз атоқли шоир Ғафур Ғуломнинг “Талант ва маҳорат мақоласидан.
Адабиётшунос, профессор Лазиз Қаюмовнинг: “Ўлмас лирик кайфиятли адиб, аммо унинг шеър ёзганини билмайман. Ҳикоялари ҳаяжонга тўлиқ бўлгани учун ҳам уни шоир дейиш мумкин” деган эътирофи, атоқли адиб Асқад Мухторнинг Ўлмас Умарбековнинг “Бўрибосар” ҳикоясига берган баҳиси: “Инсон ва табиат мавзуидаги катта даъвосиз яхши ҳикоя. Бола ва ота-оналар муносабатига ҳам яхши ҳислар тиловчи асар” ... ва кўпдан-кўп дил сўзлар, хотиралар, адиб ижодига берилган баҳоларни ўқиркансиз, Ўлмас Умарбеков асарларини топиб ўқиш иштиёқи яна қалбингизга ўт қалайди.
Озод Шарофуддинов, Ҳафиз Абдусаматов, Одил Ёқубов, Носир Фозилов, Тоҳир Малик, Азиз Қаюмов, Умарали Норматов, Абдуғофур Расулов каби таниқли олим, адабиётшунос, адибларнинг хотиралари, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг “Киприкда қолган тонг” қиссасидан парча, халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг “Бинафша ҳидланг, амаки” ҳикояси, Эркин Самандар, Омон Мухтор, Маматқул Ҳазратқуловларнинг Ўлмас Умарбековга бағишлаган эсселари – ҳамма-ҳаммаси самимий, беғараз ва чин дилдан чиққан эътирофлардир.
Адибнинг турмуш ўртоғи Зуҳра Умарбекованинг “Ўлмас ака ҳаётининг сўнгги кунлари” номли хотиралари кўнгилга муҳрланиб қолади.
Ёзганлари юракка ҳамоҳанг сўз заргари , Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўлмас Умарбеков ҳақидаги хотиралар китобини, албатта, ўқинг...
А.Нарзуллоев, ЎзА