Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” спорт мажмуаси уч кун давомида волейбол бўйича Ўзбекистон суперкубоги баҳсларига мезбонлик қилди.
Аёллар ўртасида ўтказилган баҳсларда барча масала дастлабки икки кунда ҳал бўлди, Нукус давлат педагогика институти волейболчи қизлари ҳар икки ўйинда мамлакат чемпиони ҳамда кубоги соҳиби Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг СКУФ жамоасини ишончли тарзда мағлуб этди ва суперкубокни қўлга киритди.

Эркаклар ўртасидаги баҳслар эса уч кунга чўзилди. Унда амалдаги Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳиби Самарқанднинг “Ўзтелеком” жамоаси чемпионатнинг кумуш медалларига эга чиққан ОТМК жамоаси билан куч синашди. Дастлабки ўйинда самарқандликлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса-да, кейинчалик олмалиқлик волейболчилар ташаббусни ўз томонига оғдиришди. Улар кейинги ўйинларни бир хил – 3:1 ҳисобида ўз фойдаларига ҳал қилишди ва "Ўзбекистон суперкубоги–2021" соҳибига айланишди.

Суперкубок баҳслари тугагач Олмалиқда жорий мавсум ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Тадбирда Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши вакиллари ҳам иштирок этди.

Чемпионат якунларига кўра, эркаклар ўртасида олтин медалга “Ўзтелеком”, кумуш медалга ОТМК ва бронза медалига Ўзбекистон чемпионати дебютанти “Миллий гвардия” жамоалари сазовор бўлди.
Аёллар ўртасида эса совриндорлар рўйхати қуйидагича кўриниш олди:
СКУФ (Тошкент вилояти) – олтин медаль, НДПИ (Қорақалпоғистон Республикаси) – кумуш медаль, Андижон вилояти терма жамоаси – бронза медали.
Шунингдек, маросимда бир қатор номинациялар бўйича ҳам энг яхшилар тақдирланди.


“Энг яхши боғловчи” номинациясида:
Бекзод Раҳимов (“Ўзтелеком”),
Мухлисахон Жалолова (Андижон вилояти терма жамоаси).
“Энг яхши тўсиқ қўювчи” номинациясида:
Аҳрор Собиров (“Ўзтелеком”),
Оятхон Ёқубова (СКУФ).
“Энг яхши ҳимоячи” (либеро) номинациясида:
Тўлқин Нишонов (“Миллий гвардия”),
Гулмира Султонбоева (СКУФ).
“Энг яхши марказий ҳужумчи” номинациясида:
Санжар Аҳтамов (ОТМК),
Азиза Жулдасбаева (НДПИ).
“Энг яхши ҳужумчи” номинациясида:
Бунёд Ҳусинов (“Ўзтелеком”),
Нодира Султонбоева (СКУФ).
“Энг яхши ўйинчи” номинациясида:
Алишер Асқаров (“Ўзтелеком”),
Нодира Реимбаева (НПДИ).
“Энг яхши тренер” номинациясида:
Азиз Тешабоев (ОТМК, эркаклар жамоалари ўртасида),
Акром Умматов (СКУФ).
“Энг яхши ҳакам” номинациясида:
Ғанижон Жуманиёзов.
“Энг яхши ҳудудий федерация” номинациясида:
Фарғона вилояти федерацияси ғолиб деб топилди.
З.Жонибеков, ЎзА