Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олмалиқда мегалойиҳа: рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш янги босқичда
18:21 / 2021-12-22

Таҳлил

2030 йилга бориб мис маҳсулотларига бўлган эҳтиёж камида 40 фоизга ортади

Ер юзида турли хил материалларни ишлаб чиқариш учун ишлатилиши мумкин бўлган жуда кўп миқдордаги минераллар мавжуд. Улар орасида мис рудаси анча кенг тарқалган.

Мис – бу эгилувчан металл бўлиб, у иссиқлик ва электрни яхши ўтказади, коррозияга чидамли ва микробларга қарши хусусиятларга ега. Рух, алюминий ёки қалай (бронза) ёки никель каби бошқа металлар билан қотишма қилинган мис, юқори даражада ихтисослашган дастурлар учун зарур бўлган янги хусусиятларга эга бўлиши мумкин.

Таҳлилларга кўра, дунёда мис қазиб олиш саноати ривожланишининг ижобий тенденцияларини кутиш мумкин. Ҳозирги захиралар ва ишлаб чиқариш қувватлари, шунингдек, бирламчи ва тозаланган мис ишлаб чиқаришнинг мавжуд технологиялари келажакда мис ишлаб чиқаришнинг истиқболларини белгилайди.

Мис ер бўйлаб тарқалганлиги бўйича 25-ўринда туради. Мис қайта тикланмайдиган табиий ресурс бўлиб, яқин ўн йилликлар ичида танқис материаллардан бирига айланиши мумкин.

Бугунги кунга келиб, миснинг ишончли олинадиган захиралари, яъни, техника ва технологиянинг ҳозирги ривожланиш даражаси, қазиб олишнинг иқтисодий рентабеллигини ҳисобга олсак, ишлаб чиқилиши мумкин бўлган захиралар атиги 340 миллион. Aгар захиралар кўпаймаса ва қазиб олиш ва мис ишлаб чиқариш технологияси такомиллашмаса, олинадиган захиралар фақат 2040 йилгача давом етади.

Пластиклик, коррозияга чидамлилик, электр ўтказувчанлик, юқори эстетик хусусиятлар, мис ишлаб чиқариш ва олишнинг нисбатан арзонлиги каби хусусиятларидан келиб чиқиб, ундан тиббиётдан тортиб электроникага қадар турли соҳаларда фойдаланиш мумкин.

Якуний мис маҳсулотининг таннархи кўп жиҳатдан рудадаги мис таркиби (концентрацияси) ва унинг рудадан олинишига боғлиқ. Таркиби қанчалик юқори бўлса, мис ишлаб чиқаришда якуний маҳсулот таннархи ҳам шунча паст бўлади. Миснинг дунёда ўртача нархи бир тонна учун 3200-3500 АҚШ доллари. Ўзбекистон Республикасида миснинг бир тоннаси 3800-4200 АҚШ доллар.

Халқаро мис уюшмаси (ИCA) маълумотларига кўра, миснинг асосий қисми бинолар қурилишида – 28 фоиз ва инфратузилма – 28 фоиз, оғир машинасозликда – 11 фоиз, транспортда – 12 фоиз ишлатилади. Бироқ, автомобилсозлик саноатида мисдан фойдаланишни кескин кенгая бошласа, бу мис ишлаб чиқариш саноатида кескин бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.

2030 йилга келиб, электр автомобиллар ишлаб чиқариш учун мис истеъмоли ҳозирги даражани уч баробарга оширади. Электромобилларда мис оддий автомобилларга қараганда қарийб тўрт баробар кўп. У электр моторларининг батареялари, ўрашлари ва мис роторларида, электр симларида, автобусларда ва заряд инфратузилмасида ишлатилади.

Машинанинг ҳажмига қараб ишлатиладиган мис миқдори ошади. Электромобилда ички ёнув двигателлик автомобилларга қараганда 11-16 баробар кўп мис ишлатилади. Электромобиллар бозори 3 миллион тоннадан ортиқ мисни ташкил қилади. Мис электр ўтказувчанлиги, чидамлилиги ва эгилувчанлиги юқори бўлганлиги сабабли, электромобил учун муҳим элемент ҳисобланади. Aммо ундан ҳам кўпроқ қисми заряд станцияларида ва электр тармоқлари инфратузилмасини қўллаб-қувватлашда ишлатилади.

Шамол энергияси ва қуёш иссиқлик электр стансияларининг ривожланишида мис муҳим рол ўйнайди. Тоза энергияни кенг қўллаш учун ҳам мис керак бўлади.

Келажакда мис электромобиллар учун тез қувватлаш станцияси яратилишида етакчи муҳим металлга айланади. Тез қувватлаш станциялари ёрдамида электромобилни тўлиқ заряднинг 80 фоизигача 20 дақиқада қувватлаш мумкин. Aммо бу қурилмалар фақат мис билан амалга ошади. 2030 йилга бориб бутун дунё бўйлаб 20 миллиондан ортиқ электромобилларни қувватлаш пунктлари ташкил этилиши кутилмоқда. Бу эса 2019 йилга қараганда электр станциялари учун мис истеъмолига 250 фоиз кўпроқ сарфланишига олиб келади.

Ўзбекистонда мис саноати кластери яратилмоқда

Хўш, мамлакатимизда мис саноати бўйича қандай ижобий тенденциялар кузатиляпти?

Сўнгги 5 йил ичида республикада мис ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 1,5 баробар ошди ва 2020 йилда 148 минг тоннага етди. Aммо республикада қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ишлар етарли эмас. Хусусан, миснинг қарийб 60 фоизи хомашё сифатида экспорт қилинади.

Бугун дунёда “яшил иқтисодиёт”, қайта тикланадиган энергия манбаларига эътибор кун сайин ортиб бормоқда, электр техникаси саноати жадал ривожланмоқда. Бунинг натижасида 2030 йилга бориб мис маҳсулотларига бўлган эҳтиёж камида 40 фоизга ортиши кутилмоқда. Бу Олмалиқ комбинати маҳсулотларига халқаро талаб узоқ йиллар давомида юқори бўлади, деганидир.

Шу боис мамлакатимизда рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Кейинги йилларда Олмалиқ шаҳри ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан ривожланиб бормоқда. Янги корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари ишга тушмоқда. Бу ўзгаришларнинг “драйвери” – Олмалиқ кон-металлургия комбинати.

Ҳозирги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинати ташқи сотувининг асосий бозори Туркия бўлиб, у ерга товарларнинг 60-70 фоизи етказиб берилади. Кейинги ўринларда Хитой, МДҲ давлатлари, Шарқий Европа давлатлари туради. Бундан ташқари, мис маҳсулотларини Қатар, Aвстралия, Индонезия, Полшага экспорт қилиш йўлга қўйилган. БAAга етказиб беришга тайёргарлик кўрилмоқда, шунингдек, Шимолий Aмерика бозорлари ўрганилмоқда.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати бутун МДҲ рангли металлургиясининг етакчиси, йилига 148 минг тонна мис ишлаб чиқариш билан учинчи ўринни эгаллайди. Ҳозирги кунда комбинатда кенг қамровли истиқболли инвестициявий лойиҳалар муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келади. Охирги йилларда илмга ва технологияга катта маблағ йўналтирилгани натижасида янги конлар топилиб, ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ, комбинатда “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш бўйича 5 миллиард 122 миллион долларлик мегалойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳозирда “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

[gallery-5184]

Кон ҳудуди 11 минг гектар. Захираси ҳам шунга яраша салмоқли - йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олиш қувватига эга. Бу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор. Уларни қайта ишлаш учун Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилмоқда.

– 2021 йил 20 декабрь ҳолатига жами бажарилган тупроқ ишлари 102 миллион метр кубни ташкил этаяпти. Кон ишларини бажариш учун бугунги кунгача умумий қиймати 415 миллион доллардан зиёд бўлган 570 донадан ортиқ техника етказиб берилди, – дейди “Ёшлик 1” кони” Кон-транспорт комплекси ва инфратузилма объектларини қуриш дирекцияси директори Зокирхўжа Эшонхўжаев. – Ҳозирда биринчи босқичда йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб чиқариш имконияти яратилади. Кейинги босқичда бу кўрсаткич йилига 105 миллион тоннани ташкил этади.

Лойиҳа доирасида “Ёшлик-I” конининг фаолияти учун зарур бўлган янги инфратузилма объектлари, яъни темир йўллар ва станциялар, кон-транспорт воситаларини таъмирлаш ва йиғиш цехларини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, 650 Мегаватт қувватга эга ташқи электр тармоғи қурилмоқда.

Бу ерда иш бошланган 2017 йилда йилига 3 миллион куб метр кон ишлари бажарилар эди. 415 миллион долларлик 570 дан зиёд замонавий техникалар олиб келингач, самарадорлик ўн карра ошди. Эндиликда иш ҳажми йилига 40 миллион куб метрни ташкил этмоқда.

Лойиҳа доирасида қурилаётган 3-мис бойитиш фабрикаси билан биргаликда унинг фаолиятини барқарор таъминлаш мақсадида соатига 23 минг куб метр қувватига тенг сув таъминоти объектлари ҳамда 360 минг тонналик янги оҳак заводи қурилиш ишлари ташкиллаштирилган.

“Ёшлик-1” кони негизида қурилаётган 3-мис бойитиш фабрикаси мис саноати борасида улкан қадамлардан биридир. Қиймати 2 миллиард доллар бўлган ушбу корхона биринчи босқичда йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига ташрифи олдидан ташкил этилган бизнес форумда Россия давлат ривожланиш корпорацияси ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинати ўртасида 3-мис бойитиш фабрикасининг қурилишини молиялаштириш бўйича кредит битими имзоланди.

Кредит битими асосида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишини молиялаштириш учун 712 миллион евро миқдоридаги кредит маблағлари ажратилди. Маблағлар лойиҳа доирасида Россия ускуналари ва хизматлари учун  шунингдек, лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмига йўналтирилади. Эътиборлиси, ушбу кредит имтиёзли шартлар асосида тақдим этилмоқда.

3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши учун 106 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, унда ҳозирги кунга қадар майдонни вертикал тартибга келтириш учун бурғилаш ва портлатиш ишлари ёрдамида 4 минг 370 минг метр куб тоғ жинслари ажратиб олинган. 1 минг 76 минг метр кублик майдонни қаттиқ тоғ жинслари ёрдамида қайта тўкиб тартибли жипслаш ишлари олиб борилган. Портлатиш ишларини бажариш учун 330 минг п.м. бурғилаш ишлари, муҳандислик ва геологик қидирув ишлари учун 16 минг 771 п.м. бурғилаш ишлари бажарилган.

Фабрика учун юздан зиёд техникалар, шу жумладан, йирик ҳажмли тегирмонлар, майдалаш-ортиш ускуналари, ўрта майдалаш учун конусли майдалагичлар, пресс-валкалар, турли хил элаклар, 300 куб ҳажмли флотация машиналари секциялари ва бошқа ускуналарни етказиб берилиши кўзда тутилган.

– Янги фабрика таркибида катта ва майда майдаланган руда омборлари, ўрта ва кичик майдалаш корпуслари, янчиш бўлими билан бош корпус биноси, флотация ва сувсизлантириш бўлимлари, гидрометаллургия цехи, тайёр маҳсулотни сақлаш ва жўнатиш бўлими, таъмирлаш-механик устахоналари, чиқинди хўжалиги ва бошқа бўлинмалар мавжуд бўлади, – дейди 3-мис бойитиш фабрикаси бош муҳандиси Азиз Муратов. – Тайёр концентрат конвейер тасмалари ёрдамида мис эритиш заводига юборилади, фабрика чиқиндилари эса қувурлар орқали чиқинди сақлаш омборига жўнатилади ва жойлаштирилади. Янги мис бойитиш фабрикасининг барча технологик жараёнлари тўлиқ замонавий ускуналар ёрдамида автоматлаштирилади. Бу инсон омилининг технологик жараёнларга таъсирини камайтириб, маҳсулот сифатини яхшилайди, меҳнат сифатини оширади, шунингдек, фавқулодда вазиятларни камайтиради.

Фабриканинг ишга туширилиши натижасида қўшимча 920,8 минг тонна мис концентрати, шундан 174,1 минг тонна мис катоди, 12 тонна олтин ва 87 тонна кумуш, ҳамда 960 тонна молибден ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Фабриканинг 2023 йил август ойидан босқичма-босқич ишга тушириш ишлари бошланиб, 2024 йил январь ойида объект тўлиқ фойдаланишга топширилади.

2021 йил 17 декабрдан бошлаб йирик маъдан омборининг пойдеворини қуйиш ишлари бошланган бўлиб, ўрта ва кичик майдалаш, қуруқ ҳолда ғалвирдан ўтказиш корпусларида ҳамда бошқарув биноси майдонларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, баландлиги 637 метр бўлган ҳимоя деворини қурилиши якунланган бўлиб, умумий қуввати 30 минг тонна/йилига бўлган металлоконструкция заводи 2022 йилнинг февралида қуриб битказилади ва ишга туширилади.

Шунингдек, 1,5 минг кишига мўлжалланган қурувчилар шаҳарчаси ва  дирекция бинолари қурилиши якунланиб, қўшимча 1,8 мингта қурувчи учун иккинчи шаҳарча қурилмоқда ва унинг якунланиши 2022 йилнинг февраль ойида кўзда тутилмоқда. Объект қурилишига 265 та махсус техника ва 1 минг 600 та қурувчи жалб этилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур объект ишга туширилиши натижасида 6 мингта янги иш ўрни яратилади.

Концепция ОКМКни рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришда етакчига айлантиради

Олмалиқ кон-металлургия комбинати “Ёшлик I” ва “Қалмоққир” бирлашган конлари негизида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш қувватларини ошириш Концепцияси амалга оширилади.

Концепциянинг асосий мақсади “Ёшлик I” ва “Қалмоққир” бирлашган конлари негизида “SRK Сonsulting” ҳисоботига асосан тасдиқланган 27,9 миллион тонна мис, 3,4 минг тонна олтин, 20,7 минг тонна кумуш захираларини максимал ва самарали ўзлаштиришни ҳамда ишлаб чиқаришни бир маромда амалга оширишни, маъданни қайта ишлаш қувватларини 40 миллион тоннадан 240 миллион тоннага етказиш ва янги инфраструктура ҳамда янги йўлдош маҳсулотларни (кимёвий ўғитлар, мисли чўян, яшил энергия ва ҳк.) ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни назарда тутади.

Концепция доирасида босқичма-босқич маъданни қайта ишлаш ҳажмини 2021-2024 йилларда – 100 миллион тоннага, 2022-2026 йилларда – 160 миллион тоннага, 2024-2030 йилларда – 240 миллион тоннага етказиш назарда тутилмоқда.

Концепцияга мувофиқ ишлаб чиқариш ва бошқа асосий кўрсаткичларни, жумладан мис катоди ишлаб чиқариш ҳажмини 148 минг тоннадан 515минг тоннага (+367), олтинни 17 тоннадан 52 тоннага (+35), кумушни 160 тоннадан 343 тоннага (+183) ошириш имконияти яратилади.

Йиллик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,5 миллиард долларга, республика саноатидаги улуши 10,4 фоизга етказилади ҳамда 89,1 минг нафар янги иш ўринлари ташкил этилади.

Концепциянинг амалга оширилиши натижасида “Олмалиқ КМК” АЖ жаҳонда тоғ-жинслари массасини қазиш бўйича 16-ўриндан 1-ўринга, маъданни қайта ишлаш ҳажми бўйича 25-ўриндан 1-ўринга кўтарилади. Мис ишлаб чиқариш бўйича эса йирик ишлаб чиқарувчиларнинг кучли ўнталигига киради.

Бу эса иқтисодиётимиз юксалиши, халқимиз фаровонлигига хизмат қилиши шубҳасиз.

Нурилло НАСРИЕВ, Аъло Абдуллаев(сурат), ЎзА мухбири