Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Олмалиқ КМК»: Қарийб 231 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди
16:39 / 2021-04-29

«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти рангли металлургия ишлаб чиқаришда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда етакчи ҳисобланади. Бугунги кунда комбинат 18 турдаги юқори ликвидли маҳсулот ишлаб чиқараётгани ва дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Дейлик, жорий йилнинг I чорагида 230,9 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, режа 162,5 фоизга бажарилди.  

Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида комбинатнинг экспорт салоҳияти, бу борада эришилган ютуқ ва режалар хусусида сўз борди.

Мазкур комбинат ахборот хизмати томонидан ташкил этилган тадбирда «Олмалиқ КМК” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари в.в.б. Беҳзод Салимов, Металлургия хомашёси билан таъминлаш ва сотиш бошқармаси бошлиғи Азизжон Зокиров ва бошқалар мамлакатимизда металлургия саноатини ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар мазкур саноат корхонаси ишлаб чиқараётган маҳсулотлар экспортида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Тадбирда комбинат экспорт салоҳияти бўйича маълумот берилар экан, унда режага асосан жорий йил I чоракда 177,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш белгилангани қайд этилди.

– Самарали ташкил этилган ишлар натижасида мазкур чоракда 230,9 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорти амалга оширишга эришилди, – деди “Олмалиқ КМК” АЖ Металлургия хомашёси билан таъминлаш ва сотиш бошқармаси бошлиғи Азизжон Зокиров. – Жумладан, 179,8 миллион долларлик 22 минг 497 тонна мис маҳсулотлари, 37,1 миллион долларлик 13 минг 981 тонна рух, 5,4 миллион долларлик қўрғошин маҳсулотлари ва 8,6 миллион долларлик бошқа маҳсулотлар экспорт қилинган. Бундан ташқари, комбинат томонидан нодир ва қимматбаҳо металлар ҳам экспорт қилинмоқда. Жумладан, молибден, рений, рух купороси, кадмий, вольфрам, палладий каби маҳсулотлар импортёрларга етказиб берилмоқда.

Мис – комбинатнинг асосий маҳсулоти. Бугунги кунда комбинат томонидан йилига 148 минг тонна мис ишлаб чиқарилмоқда. Туркия, Хитой, МДҲ мамлакатлари, шарқий Европа миснинг асосий экспорт бозорлари ҳисобланса, эндиликда Дубай ва жанубий Европа ҳудудига чиқиш чоралари ҳам кўрилмоқда. Рангли металлар экспорти қаторида комбинат Сурхондарё вилоятининг Шеробод цемент заводидан цемент маҳсулотини ҳам ишлаб чиқаради ва экспорт қилади. Масалан, шу йилнинг биринчи чорагида Афғонистонга 28 минг тонна цемент етказиб берилди.

«Олмалиқ КМК” АЖ бошқаруви раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Умида Қаршибоеванинг таъкидлашича, ишлаб чиқарилаётган олтин ва кумуш Лондон қимматбаҳо металлар уюшмасида аттестациядан ўтган. Ҳозирда мисни Лондон металл биржасида рўйхатдан ўтказиш ишлари олиб борилаётир.  

– Йиллик қазиб олиш ҳажми тахминан 60 миллион тонна бўлган янги «Ёшлик» кони ўзлаштирилмоқда. 2025-2026 йиллар мобайнида мис ишлаб чиқариш ҳажми йилига 148 минг тоннадан 250 минг тоннагача ошиши кутилмоқда, – деди у.

Қайд этилганидек, 2021 йилда 734,5 миллион долларлик маҳсулот экспорти режалаштирилган. Хусусан, январ-июнь ойларида 522,6 миллион доллар ёки режага нисбатан 143,9 фоиз экспорт амалга оширилиши кутилмоқда.  

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,  ЎзА