Тарих чархпалаги шундай айланадики, баъзан биргина оқилона қарор минглаб инсонлар тақдирини ўзгартириб юборади, бутун бошли давлатнинг халқаро майдондаги обрўсини белгилаб беради. ХIХ асрнинг биринчи ярмида Хива хонлигининг сиёсий ҳаётида юз берган воқеалар бунга ёрқин мисолдир. Шоир ва тарихчи Муҳаммадризо Огаҳийнинг “Риёз уд-давла” (“Бахт-саодат боғлари”) асаридаги маълумотлар шунчаки қуруқ хабарлар эмас. Улар давлат раҳбарининг ўз фуқаролари олдидаги масъулияти ва мураккаб геосиёсий вазиятларда тўғри йўл топа олиш қобилиятидан дарак берувчи жонли гувоҳликлардир.
Оллоқулихон салтанат тахтига ўтирган 1825 йилда минтақадаги вазият анча қалтис эди. Янги ҳукмдор дастлаб ички бошқарув тизимини мустаҳкамлашга киришди. У давлат таянчларини қайта кўриб чиқди. Ишончли ва садоқатли инсонларни масъул лавозимларга тайинлади. Хусусан, Ҳазорасбдек муҳим ҳарбий-сиёсий нуқта бошқарувининг укаси Раҳмонқули тўрага топширилиши бежиз эмасди. Бу чегара ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш ва марказий ҳокимият нуфузини оширишга қаратилган пухта ўйланган тадбир эди. Бироқ хоннинг ҳақиқий сиёсий иродаси ташқи алоқаларда, айниқса, ўша даврнинг энг ўткир муаммоси – асирлар масаласида намоён бўлди.
Тарихдан маълумки, 1840 йилда Россия империяси ва Хива хонлиги ўртасидаги муносабатлар таранг ҳолатга келганди. Мингга яқин хоразмлик савдогар ва йўловчилар Россия ҳудудида ушлаб турилган, карвон йўллари тўсилган эди. Бу ҳолат нафақат иқтисодиётга зарба берар, балки минглаб оилаларнинг тинчини бузар эди. Оллоқулихон бу чигал тугунни ечиш учун ҳарбий куч эмас, балки дипломатик маҳоратни ишга солди. У ўз фуқароларини қутқариш учун Хивада сақланаётган рус асирларини озод қилиш ва уларни алмашиш қарорига келди.
Ушбу нозик вазифани бажариш оддий одамларга эмас, балки илм ва дин пешвоси Отажон охундга ишониб топширилди. Шунингдек, бу жараёнда инглиз зобити Ричмонд Шекспирнинг иштирок этиши ҳам эътиборга молик. 1840 йилнинг августида йўлга чиққан карвон машаққатли саҳро йўлларини босиб ўтди. Дипломатик миссия кутилган натижани берди. Россия императори хоннинг бу олижаноб ташаббусини қабул қилди. Натижада, тутқунликдаги минглаб хоразмликлар озод этилди. Уларнинг Рамазон ҳайити арафасида, 1840 йилнинг ноябрь ойида она юртга қайтиши халқ учун қўшалоқ шодиёнага айланди. Бу воқеа давлат ўз фуқаросини ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаслигини амалда исботлади.
Оллоқулихон даври нафақат дипломатик ютуқлар, балки улкан қурилишлар даври сифатида ҳам ёдда қолган. Мамлакат ичкарисида хавфсизликни кучайтириш масаласи долзарб бўлиб турарди. 1842 йилда хоннинг фармони билан Хива шаҳри атрофида янги мудофаа девори – “Дишан қалъа” қурилиши бошланди. Бу лойиҳа халқнинг уюшқоқлиги ва меҳнатсеварлигини синовдан ўтказди. Огаҳийнинг ёзишича, қурилиш ишларига Муҳаммадъяқуб меҳтар ва Отамурод қушбеги бошчилик қилган.
Энг ҳайратланарли жиҳати шундаки, бундай маҳобатли иншоот ҳашар йўли билан бор-йўғи ўттиз кун ичида тикланган. Бу халқимизнинг бирдамлиги ва бунёдкорлик салоҳияти нақадар юксак эканини кўрсатади. Янги девор шаҳар аҳолиси ва мол-мулкини ташқи хавфлардан ҳимоя қилувчи мустаҳкам қалқонга айланди. Огаҳий бадиий тарзда ушбу иншоотни ўз мустаҳкамлиги билан машҳур Искандар Зулқарнайн девори (Садди Искандарий)га қиёслайди.
Шу билан бирга, маънавий ҳаёт ҳам эътибордан четда қолмади. Хонлик ҳудудида янги мадрасалар қад ростлади. Раҳмонберди бий томонидан эски бино ўрнида тошдан тикланган мадраса илм аҳли учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Бу масканлар фақат диний билим эмас, балки дунёвий илмлар ўчоғи вазифасини ҳам ўтаган. Хон ва аъёнларнинг мадраса очилиш маросимларида шахсан иштирок этиши давлатнинг маърифатга бўлган эътиборидан нишона эди.
Бундан ташқари, аҳоли сонини кўпайтириш ва хўжалик ҳаётини жонлантириш мақсадида амалга оширилган тадбирлар ҳам диққатга сазовор. Хусусан, Раҳимқули тўра бошчилигидаги юришлар натижасида йигирма минг хонадондан иборат кишиларнинг Хоразмга кўчириб келиниши демографик ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлди. Бу янги ерларни ўзлаштириш ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун қўшимча куч дегани эди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, гарчи Оллоқулихон даври бўйича қарашлар зиддиятли бўлса-да, унинг ҳукмронлик тарихи бизга давлат бошқарувининг баъзи нозик қирраларини очади. Хоннинг ўз халқи тақдирига бефарқ бўлмагани, фуқароларини тутқунликдан қутқариш учун кўрсатган қатъияти ва юрт ҳимояси учун қисқа муддатда бунёд этган қўрғонлари бугунги кун учун ҳам ибрат мактабидир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА