Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий ва профессионал таълим ташкилотлари талабалари ва ўқувчиларига бюджет маблағлари ҳисобидан таълим кредитини ажратиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида
20:03 / 2024-05-27

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Олий ва профессионал таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талаба ва ўқувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида:

1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий ва профессионал таълим ташкилотларининг талаба ва ўқувчиларига таълим кредитлари (кейинги ўринларда – таълим кредити) ажратишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартибини жорий қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

а) олий ва профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олиш учун таълим кредитини фақат кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба ва ўқувчиларга ажратиш;

б) таълим кредитини:

олий таълим ташкилотларининг биринчи босқич талабалари ҳамда профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун тўлов-контракт суммаси миқдорида;

олий таълим ташкилотларининг иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи “3” дан паст  бўлган тақдирда тўлов-контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида ажратиш (“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар фарзандлари бундан мустасно).

2. Белгилансинки:

а) таълим кредити:

олий таълим ташкилотлари талабалари учун – талабалар тўғрисидаги маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш” (kontrakt.edu.uz) ахборот тизими ва “Олий таълим жараёнларини бошқариш” (HEMIS) ахборот тизимида мавжуд бўлганда;

профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун – ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Профессионал таълим жараёнларини бошқариш” (prof.edu.uz) ахборот тизимида мавжуд бўлганда ажратилади;

б) ўз дастурий таъминотига эга бўлган олий ва профессионал таълим ташкилотлари таълим кредитини олиш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли ахборот тизимларига ўз ахборот тизимини интеграция қилиши ёки улардан фойдаланиши мажбурий ҳисобланади.

3. Қуйидагилар:

а) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2024 йил 1 июлга қадар ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар барча олий ва профессионал таълим ташкилотларининг тўлов-контракт шартномаси "kontrakt.edu.uz" ва "prof.edu.uz" ахборот тизимлари орқали шакллантирилишини;

б) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

Рақамли технологиялар вазирлиги Марказий банк билан биргаликда 2024/2025 ўқув йили бошлангунга қадар таълим кредитини олиш учун аризаларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Таълим кредити” ахборот тизими (taʼlim-krediti.mf.uz) ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш имконияти яратилишини;

“Таълим кредити” ахборот тизими Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                                                                                                          Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2024 йил 27 май