Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий тоифали ўқитувчиларга уй-жой бошланғич тўловининг бир қисми тўлаб берилади
18:57 / 2026-02-21

Ўзбекистонда узоқ йиллик меҳнати ва юқори малакаси билан таълим тизимида фаолият юритаётган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги механизм жорий этилди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 февралда қабул қилинган 69-сонли қарорига мувофиқ, олий тоифага эга ва камида 15 йиллик педагогик стажга эга ўқитувчиларга ипотека асосида уй-жой харид қилиш учун давлат субсидияси берилади.

Қарорга кўра, ушбу тоифадаги педагоглар учун ипотека кредитининг бошланғич бадали 25 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, кредитнинг дастлабки 5 йили давомида фоиз тўловларининг бир қисми ҳам субсидия қилинади. Бу эса ўқитувчиларнинг молиявий юкини сезиларли даражада енгиллаштиради.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ушбу имтиёздан фойдаланиш учун талабгор олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлиши, камида 15 йиллик педагогик иш стажига эга бўлиши лозим.

Механизм шаффоф ва тезкор тартибда амалга оширилади. Талабгор банк белгилаган ўз улушини шакллантиргач, банк 1 иш куни ичида ипотека кредитини расмийлаштиради. Уй-жой талабгор номига расмийлаштирилиб, кадастр ҳужжатлари банкка тақдим этилади.

Субсидия ажратиш жараёни рақамли платформа орқали амалга оширилади. Банк 1 иш куни ичида “subsidyplatform.mf.uz” орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тўлов бўйича буюртма юборади.

Мазкур дастурни молиялаштириш учун ҳар йили давлат бюджетидан 200 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Имтиёздан фойдаланувчи ўқитувчилар рўйхатини эса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги шакллантиради.

Янги тартиб тажрибали ва юқори малакали педагогларни моддий рағбатлантириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда таълим соҳасида узлуксизликни таъминлашга хизмат қилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА