Республика олий таълим Кенгашининг навбатдан ташқари кенгайтирилган онлайн йиғилиши бўлиб ўтди.
Республика олий таълим Кенгашининг навбатдан ташқари кенгайтирилган онлайн йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти олий таълим соҳасида содир этилаётган иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупция ҳолатлари юзасидан маълумот тақдим этди.
Жумладан, Департамент органлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларида 2018 – 2019 йиллар ҳамда жорий йилнинг 6 ойида олий таълим тизимида порахўрлик, фирибгарлик, давлат мулкини талон-торож қилиш ва бошқа ҳолатлар юзасидан жами 211 та (2018 йил – 86та, 2019 йил – 63та, 2020 йил – 62та) жиноят фош этилган.
Хусусан, яқинда Бухоро давлат университетининг “Тасвирий санъат” кафедраси ўқитувчиси танишлари орқали фуқародан уни мазкур университетга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ташвишланарлиси, олий таълим муассасаларида пора сўраш, бюджет маблағларини ўзлаштириш ўқув-таълим жараёнларининг деярли ҳар бир бўғинида қайд этилмоқда.
Коррупциявий хатарлар асосан қўйидаги соҳаларда кузатилмоқда:
- ижодий имтиҳони бор факультетларга ўқишга киритиб қўйиш;
- ўқишни бир олий ўқув юртидан бошқасига кўчириш, факультет ёки йўналишни ўзгартириш;
- китоб ёки илмий мақолаларни нашр этишда раҳбар ўзини муаллиф қаторига қўшиши;
- талабани ётоқхоналарга жойлаштириш (100 минг сўмдан 200 долларгача);
- курс ишлари, бакалавр битирув малакавий ишини қабул қилишда;
- дарс соатларини тақсимлаш, ишга қабул қилиш, лавозимни ўзгартириш, таълим муассасасида ишламайдиган шахсларга, яъни “ўлик жон”ларга иш ҳақи ҳисоблаш;
- сохта дипломлар мавжудлиги, дипломларни нострификация қилишда порахўрлик ва коррупциянинг бошқа шакллари мавжуд;
- қурилиш учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш, канцелярия моллари учун ажратилган маблағларни таниш корхоналарга пул кўчириш йўли билан (нархлари оширилган ҳолда) сотиб олиш ва ўртадаги фарқни ҳақ сифатида олиш;
- олий таълим муассасалари ҳудудидаги нашриёт, савдо дўкон, ошхоналар фаолияти юзасидан ижара пулларини шартномаларда кам расмийлаштириб, қолган суммани нақд ҳолатда ўзлаштириш.
Юқоридагиларга айрим мисолларни келтирсак. Андижон давлат университети Жисмоний тарбия ва спорт кафедраси доцентифуқароларни Қирғизистон Республикаси университетида ишловчи танишлари орқали, Қирғизистон Республикаси Университетда ўқиётганлиги ҳақида сохта маълумотномаларни тайёрлаб, Андижон Давлат университетининг Спорт ва Чизмачилик факультетларига ўқишни кўчириб бериш эвазига 4000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Ёхуд Навоий Давлат педагогика институти ётоқхонасини жиҳозлаш тўғрисидаги ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиб, ҳақиқий баҳоси 556,1 млн. сўм бўлган 31 турдаги жиҳозлар ва мебеллар тўпламларининг нархларини 2 млрд. 262,9 млн. сўмга ошириб кўрсатиш орқали 1 млрд. 706,8 млн. сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
«Нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар балки жамоатчилик, қолаверса олий таълим вазирлиги ва унинг муассасалари вакиллари, ректорлар биргаликда коррупцияга қарши курашсагина, шунингдек, соҳадаги субъектив омилларни бартараф этишга қаратилган ҳамда фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган илғор технологияларни жорий этилишигина таълим соҳасини коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш мумкин бўлади», деди Департамент бўлим бошлиғи Жаҳонгир Ибрагимов.