Мамлакатимизда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, олий таълимнинг бакалавриат ва магистратура босқичларига қабул жараёнларида инсон омилини тўлиқ бартараф этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Шу жумладан, ҳозирги кунда олий таълимдан кейинги таълимга қабул жараёнларини ҳам қайта кўриб чиқиш ва инсон омилини камайтиришни тақозо этмоқда.
Ушбу йўналишда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илмий ва инновацион фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг тубдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги фармони лойиҳаси ишлаб чиқилиб, илмий жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Мазкур фармон лойиҳасидан кўзланган асосий мақсадлардан бири сифатида олий таълимдан кейинги таълимга имтиҳонларсиз қабул қилиш тизимининг жорий этилишини эътироф этиш мумкин.
Бунда 2025 йилдан олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабулни талабгорларнинг илмий фаолият натижалари бўйича олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизимида тўпланган тегишли маълумотлари асосида жамланадиган баллар йиғиндисига мувофиқ амалга оширилиши кўзда тутилган. Талабгорлар олий таълимдан кейинги таълим институтларига мутахассислик фанлари бўйича баллар, хорижий тилларни билиш даражаси бўйича баллар ва илмий фаолиятда эришган бошқа ютуқлари асосида қабул қилиниши белгиланмоқда.
Шунингдек, фармон лойиҳасида Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш дастурларини жорий этиш белгиланмоқда. Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳар йили Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан уч йилга мўлжалланган диссертацион тадқиқот лойиҳалари танлови шаклида эълон қилинади. Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш дастурларини жорий этишдан асосий мақсад ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш, диссертация илмий тадқиқот ишларини аниқ муаммолар ечимига қаратиш ва илмий тадқиқот ишларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборат.
Шу билан бирга, ушбу фармон лойиҳасида олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул жараёнларида шаффофликни таъминлаш мақсадида қабул жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали инсон омилини тўлиқ бартараф этиш режалаштирилган.
Фармон лойиҳасида келтирилган олий таълимдан кейинги таълимга имтиҳонларсиз қабул қилиш тажрибаси ривожланган мамлакатларда ҳам мавжуд бўлиб, жумладан, АҚШ, Буюк Британия мамлакатларида талабгорлар суҳбат натижасида (бунда талабгордан мотивация хати, илмий тадқиқот иш режаси, илмий мақола ва тезислари, тил билиш сертификати каби ҳужжатлар портфолиоси талаб қилинади) Канада, Финляндия, Италия, Австралия, Дания ва бошқа давлатларда магистратура босқичида олган баҳолари асосида қабул қилинади (бунда университетларга қараб қўшимча ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин).
Мазкур ҳужжат лойиҳаси орқали жорий қилинаётган талабларда ҳам талабгорлар томонидан тадқиқот таклифи (research proposal), тадқиқот ишининг мақсади ва кутилаётган натижа, тавсияномалар ва соҳага оид чоп этилган илмий мақолалар ва бошқалар тақдим этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, фармон лойиҳасида диссертация тайёрлаш жараёнидаги айрим тартиблар соддалаштирилмоқда. Хусусан, илмий даражаларни олиш учун тайёрланадиган докторлик диссертация мавзуларининг базасини юритиш Инновацион ривожланиш агентлигига ўтказилиб, бунда изланувчилар олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул қилинганидан сўнг диссертация мавзулари Ягона электрон тизимда рўйхатга олинади ва талабгор диссертация ҳимоясини амалга оширгунга қадар диссертация мавзусини бошқа жойда эълон қилишга мажбур бўлмайди.
Ўйлаймизки, мазкур фармон лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш орқали мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётига улкан ҳисса қўшади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА