Рим шаҳрида жойлашган Рома Тре университетида Ўзбекистон ва Италия олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди.
Мазкур форумда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори Б.Жоллибеков ва университетнинг халқаро алоқалар бўйича проректори Т.Нуримбетов иштирок этиб, икки давлат ўртасидаги илмий-академик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларида ўзларининг таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.

Форум Ўзбекистон ва Италия ўртасида олий таълим соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, академик алмашинувни кенгайтириш ва илмий-инновацион лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Тадбир доирасида икки мамлакат етакчи университетлари раҳбарлари таълим сифатини ошириш, илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш, стартап ва инновация марказлари фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, Европа таълим макони билан интеграцияни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, форумда ректорлар ўртасида ўзаро мулоқотлар ташкил этилиб, истиқболли ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Шу тариқа, Рим шаҳрида ўтказилган Иккинчи форум икки мамлакат олий таълим тизими ўртасидаги ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, ўзаро тажриба алмашиш ва илғор ёндашувларни жорий этиш учун кенг имкониятлар яратди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири