Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон – Япония олий таълим муассасалари ректорларининг V форуми доирасида “University to University” (U2U) учрашувлари давомида Бухоро давлат университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Обиджон Ҳамидов Япониянинг нуфузли Нагоя иқтисодиёт университети президенти Др. Сабури Ҳаруо бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашув чоғида томонлар икки университет ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Жумладан, Бухоро ва Нагоя шаҳарларининг туристик салоҳиятини инобатга олган ҳолда, туризм ва иқтисодиёт йўналишида қўшма ҳамкорлик дастурларини йўлга қўйиш, япон тилида таржимон ва гидлар тайёрлаш бўйича қўшма курсларни ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий мақолалар ва тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги илмий-таълимий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Бухоро давлат университетининг халқаро туризм, иқтисодиёт ва тил таълими йўналишларидаги салоҳиятини ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Нагоя иқтисодиёт университети (Nagoya University of Economics) Япония иқтисодий таълим тизимидаги етакчи олий ўқув юртларидан бири бўлиб, иқтисодиёт, менежмент, туризм ва халқаро муносабатлар соҳаларида юқори сифатли таълим дастурлари билан танилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.