Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий таълимдаги академик эркинлик: имконият ва масъулият қандай самара беради?
18:07 / 2023-07-07

Жамият тараққиётининг асоси таълим тизимининг ривожи билан баҳоланади. Қайд этиш керакки, сўнгги йилларда таълим тизимини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериш йўналишида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Зеро, таълим ривожисиз тараққиётга эришишнинг имконияти йўқ.

Бугунги кунда юртимиздаги олий таълим муассасалари сонининг ортиб бормоқда. Бу жараёнда хусусий олий таълим муассасалари улушининг юқорилаётгани, битирувчиларнинг олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 39 фоизга ошгани эътиборга молик. Агар бу кўрсаткич рақамларда таҳлил қилинса, бакалавр босқичига қабул 2016 йилда 58 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 223 минг нафарга ёки 3,8 мартага кўпайган. Магистратурага қабул кўрсаткичининг 5 мингдан 16 минг нафарга етгани ёки 3,2 мартага кўпайган. Бу каби таҳлилни, ўсишни таълимнинг барча тизимлари учун, хусусан, мактабгача ва мактаб таълимидаги ўзгаришлар мисолида ҳам келтириш мумкин.

Янгиланган Конституциянинг таълим тизимида инқилобий ўзгаришларга асос бўлувчи, яъни “Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли. Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга” дейилган 51-моддаси тўғрисида тўхталсак.

Умуман олганда, ўзгаришларнинг амалда ижро этилиши учун ўтган вақт давомида қандай ишлар қилинди? Келажакда нималар қилиниши керак? Тизим олдида қандай вазифалар бор? Шулар хусусида мулоҳаза қиламиз.

Сўнгги йилларда таълим соҳаси ривожига қаратилган кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. Албатта, бу ҳужжатлар тизимда мавжуд бўлган кўплаб муаммоларнинг ечимига хизмат қилиши билан бирга, олий таълим муассасаларининг халқаро нуфузини оширишга ҳам сабаб бўлмоқда.

Хусусан, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг қабул қилиниши том маънода олий таълим муассасаларининг 2030 йилга қадар барча йўналишларда таълим сифатини, ҳамда илмий-тадқиқот ишлари самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлида туб ислоҳотларни олиб боришга имкон бермоқда.

2021 йил 24 декабрда қабул қилинган “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлар сўнгги йилларда олий таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар ифодасининг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур меъёрий ҳужжатлар бежиз келтирилмади. Айнан мазкур қарорлар ва уларнинг қарор ости ҳужжатлари Конституцияда олий таълим ташкилотларининг қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга эканлигини намоён этиш ва мазкур модданинг амалда ижро этиш механизми учун пойдевор вазифасини ўтайди.

Давр талаби...

Глобаллашув шароитида ҳар бир олий таълим муассасаси ўз хусусиятидан ва ички имкониятидан келиб чиқиб, таълим сифатини ошириш мезони асосида устувор йўналишларини белгилаши ва пировардида иқтисодиёт тармоқлари учун рақобатбардош, малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

Эскича ёндашув асосида фаолият олиб бориш, жараёнларни марказлаштирилган маъмурий-буйруқбозлик асосида ташкил этиш бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган даврнинг талабларига мос эмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди.

Хўш, бугунги олий таълим муассасаларида мазкур вазифаларни бажариш учун етарли шароитлар мавжудми? Академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги бўйича кўникмалар қандай шаклланмоқда?

“Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинган бўлса-да, нега бу масала Конституцияга ҳам киритилди? Унинг моҳияти нимадан иборат? У олий таълим ташкилотлари ривожига қандай ҳисса қўшади?

Бу борада бой тажрибага эга бўлган хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш асосида бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, академик мустақиллик, бу — аввало таълим тизимидаги ишларнинг ривожига тўсиқ бўлаётган бюрократик амалиётдан воз кечишга ва жараённинг мувофиқлаштирилишига олиб келиб, аввало, олий таълим муассасаси хусусиятидан келиб чиқиб, бозор талаблари асосида кадрлар тайёрлашда ўқув жараёни учун меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, таълим олиш шаклини белгилаш, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун таълим давомийлиги муддатларини белгилаш, магистратура босқичида таълимнинг сиртқи, масофавий ва кечки шаклларини жорий этишга, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича қўшмалака, шу жумладан, амалий малака бериш тизимини жорий қилиш, ўзаро келишувлар асосида олий таълим муассасалари билан академик мобилликни амалга оширишга, олий таълим муассасаси ва унинг тузилмасидаги таълим муассасалари учун ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни нашр этишга имкон беради.

Шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш, уларнинг натижадорлигини ошириш ва олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириб, кадрлар тайёрлаш сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

Бугунги кунда республикада қирқдан ортиқ олий таълим муассасасига академик эркинлик берилган бўлиб, уларнинг ўтган қисқа давр мобайнидаги фаолиятлари таҳлили шуни кўрсатадики, берилаётган эркинликлар олий таълим муассасасининг фақат ва фақат ривожи учун хизмат қилган. Буни нафақат республика миқёсидаги натижаларда, балки халқаро эътироф кўрсаткичлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, сўнгги йилларда кўплаб маҳаллий олий таълим муассасаларининг нуфузли халқаро рейтинг ташкилотлари томонидан эътирофи олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.

Зеро, олий таълим муассасаларининг халқаро эътироф этилган рейтингларда ўз ўрнига эга бўлиши уларнинг жозибадорлигини намоён этувчи асосий кўрсаткичлардан бири бўлиб, бу мазкур олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган хорижий талабалар, илмий тадқиқотчилар ва ҳамкорлар салмоғининг ошишига хизмат қилади.

Рақамлар таҳлили шуни кўрсатадики, 2022 йил натижаларига кўра, QS халқаро рейтинг агентлигининг Осиё рейтингида илк бор республикамизнинг 8 та олий таълим муассасаси кучли 1000 таликдан ўрин олди. Мазкур олий таълим муассасалари орасида Тошкент давлат техника университетининг эътироф этилиши ва унинг Марказий Осиё рейтингида 29-ўринда эканлиги университет жамоаси учун ҳам шарафли, ҳам масъулиятлидир.

Рейтинг индикаторлари таҳлили шуни кўрсатадики, олий таълим муассасасининг академик ва иш берувчилар ўртасидаги нуфузи, илмий соҳада халқаро ҳамкорлик, илмий даражага эга ўқитувчилар сони, хорижий профессор-ўқитувчилар ва талабалар улуши сингари мезонлар асосида баҳоланади.

Мазкур мезонларнинг бажарилиши ва халқаро эътироф этилиши, олий таълим муассасаси ўқув жараёни, илмий-тадқиқот фаолияти, иш берувчилар билан алоқалар, халқаро ҳамкорлик йўналишларида самарали фаолият олиб бораётганини ифодалайди. Бу эса олий таълим муассасаларига берилган эркинликларнинг меваси десак, муболаға бўлмайди.

Қандай муаммолар бор?

Олий таълим муассасаларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги берилишининг замирида етук ва малакали кадрлар тайёрлаш ўрин олган. Хўш, бу борада қандай муаммолар бор? Кадрларнинг асосий истеъмолчиси бўлган буюртмачиларнинг фаоллиги ва хайрихоҳлиги қай даражада?

Сир эмаски, бугун илм-фан, техника ва технологияларнинг ўсиш суръатлари юқори даражада. Аммо барча соҳада ҳам назарий билимлар амалий билимлар билан ҳамоҳанг эмас. Соддароқ қилиб айтганда, баъзи ҳолларда талабаларнинг назарий билимлари ишлаб чиқариш корхоналаридаги илғор технологиялар билан ишлаш кўникмасига етарли эмаслиги назарий ва амалий билимлар уйғунлиги таъминланмаслигига сабаб бўлмоқда.

Хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини тармоқ корхоналарига тўғридан-тўғри бириктириш, ўқув жараёнидан бошлаб амалиёт, дала машғулоти, битиргунга қадар барча босқичларнинг айнан тармоқ корхонаси кўрсатмаси ва тавсиялари асосида ташкил этилиши рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг асосидир.

Албатта, бу борада бизда ўқув жараёнига оид меъёрий ҳужжатларни шакллантиришда, малакавий амалиётларни ташкил этишда, кафедра филиаллари фаолиятини йўлга қўйишда тармоқ корхонаси базасидан фойдаланилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишларнинг амалий аҳамиятини доим ҳам юқори баҳолаб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, шу йўналишдаги ишлар таъсирчанлигини ошириш, тармоқ корхонаси масъулиятини ҳамда жавобгарлигини оширишга қаратилган ҳукумат даражасидаги меъёрий ҳужжат қабул қилиш заруратга айланмоқда.

Келажагига бефарқ бўлмаган, малакали кадрлар тайёрлаш тизимга алоҳида эътибор қаратаётган корхоналар ҳам мавжуд. Биргина Тошкент давлат техника университетинг электроэнергетика факультетида сўнгги йилларда энергетика вазирлиги тасарруфидаги тармоқ корхоналари ва соҳа мутахассисларига талабгор бўлган корхоналар томонидан замонавий лаборатория хоналари, ўқув марказлари, ўқув полигонлари, махсус тармоқ корхонаси хоналарининг фойдаланишга топширилгани мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларнинг амалий ифодасидир.

Олий таълим тизими билан боғлиқ масалаларнинг Конституция даражасида белгиланганлиги олий таълим жараёнига ташқи аралашувларни чеклаш, олий таълим сифати ва дунёда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Икромжон РАҲМОНОВ,

Тошкент давлат техника университети

кафедра мудири, техника фанлари доктори