Пойтахтимизда “Олий таълимни модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида “Олий таълимда сифатни таъминлаш тизимини такомиллаштириш” мавзусига бағишланган форум ўз ишини бошлади.
Форумни очиб берган олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари Комилжон Каримов сўнгги йилларда олий таълимдаги ислоҳотлар туфайли республикада олий таълим қамрови 38 фоизга етгани, талабалар сони 4 бараварга ошганини қайд этди.
– Буни гапириш осон, аммо рақамларнинг ортида 100 минглаб ёшларнинг ҳаёти, келажаги турибди, – дейди Комилжон Каримов. – Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳа доирасида олий таълим сифатини таъминлаш бўйича ташқи таълим сифатини назорат қилиш ҳамда ички таълим сифатини таъминлашга қаратилган ишлар амалга оширилди. Мазкур лойиҳа натижалари олий таълимдаги сифатни янги босқичга кўтаришга, олийгоҳлар томонидан иқтисодиётимиз учун зарур етук мутахассислар етказиб берилишига хизмат қилади.
Таъкидлаш лозимки, мазкур форумда 220 дан ортиқ олий таълим муассасалари ўқув ишлари бўйича проректорлари ва таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиқлари иштирок этмоқда.
Олий ва профессионал таълим бўйича халқаро эксперт, лойиҳа халқаро маслаҳатчиси Бастиан Бауман лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисида тақдимот қилди.
Мутахассис ўз тақдимотида дастлабки босқич натижаларига кўра танлаб олинган 6 та олий таълим муассасасида ўтказилган тренинглар, маҳорат дарслари, индивидуал сессиялар натижаси юзасидан маълумот берди. Жаҳон тажрибасига асосланган ҳолда ички сифатга тааллуқли кўплаб ишлар қилиниб, мазкур олий таълим муассасалари халқаро аккредитация олишга тайёрланганини маълум қилди.
Форум давом этмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА