Қўқон азалдан водийнинг илм-маърифат маркази бўлиб келган. Шунинг учун ҳам бу ердан халқимизнинг энг ардоқли алломалари, шоиру фузалолари етишиб чиққан. Ҳозир ҳам шундай. Қўқон давлат педагогика институти 90 йилдан буён мамлакат миқёсида йирик илм-фан, олий таълим даргоҳи сифатида машҳур. Сўнгги йилларда у янада ривож топди. Ҳозир бу ерда 15 минг 300 нафар талаба 25 та таълим йўналишида 20 та мутахассислик бўйича таҳсил оляпти.
Институт ректори, профессор Дилноза Ходжаева бошчилигидаги ўқитувчи- профессорлар ҳар жиҳатдан мамлакатда етакчилар қаторида. Куни кеча жамоанинг тўрт нафар вакили, улар қаторида ректор Дилноза Ходжаева ҳам бор, “Ўзбекистон олий таълими аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлди. Бунинг асосли сабаблари бор, албатта. Институтда янгиликка интилувчан фидойи раҳбар ва мутахассислар саъй-ҳаракати билан барча жараён рақамлаштирилди. Бунинг учун регистратор офис, яъни хизматлар маркази ташкил этилди. Энди талаба фақат ўқиш, устоз билим бериш билан шуғулланади. Барча ташкилий ишлар, улар эса 40 турга яқин, регистратор офис томонидан бажарилади.

– Регистратор офисни ташкил этишдан мақсадимиз деканат ва кафедра мудирлари фаолиятини енгиллаштириш, улар талабалар билим сифатига кўпроқ вақт ажратишига қаратилган, – дейди офис раҳбари Раҳимжон Тошпўлатов. – Хизмат сафарида бўлганимизда Европа мамлакатларида кўрган рақамлаштириш жараёнини ўзимизнинг институтимизда ҳам жорий қилишни ният қилганмиз. Европа ва Осиё мамлакатларидаги илғор тажриба ҳеч иккиланмай жорий этилди. Бунинг учун иккита бўлим ташкил қилдик. Яъни хизматлар бўлими ва маълумотлар базаси бўлими. Хизматлар бўлимида дарс жадвалидан бошлаб талабаларга тегишли маълумотлар бериб борилади, ўқув жараёнини бошқариш рақамлаштирилган. Аввалги деканатдаги вазифалар регистратор офисига олинган.

Дастлаб осон кечмади. Талаба ва профессор- ўқитувчилар учун бу мутлақо янги тизим эди. Регистратор офис нафақат хизмат кўрсатади, балки ўқув сифатининг белгиланган даражада бўлишига ҳам масъул. Бу иш видеоназорат орқали амалга оширилмоқда.
– Барча аудиторияларимиз видеокузатув камералари билан таъминланди. Бу кўриб турганингиз дарс жараёнида бевосита талабалар нима билан шуғулланаётгани, фаоллиги ёки нофаоллиги, дарсни тинглаётганлиги ёки бефарқлиги акс этган. Уни рақамли технологиялар орқари кузатяпмиз. Бу барча талабалар фаоллигига хизмат қилади деб ҳисоблаймиз, – дейди институт ўқув услубий бошқармаси бошлиғи Беҳзоджон Боратбоев.

Энди ўқитувчи-профессорларнинг дарс ўтиш услуби, маъруза савияси ҳам ҳатто талаба ота-онаси томонидан кузатилиши, баҳоланиши мумкин.
– Видеокамераларнинг ўрнатилиши таълим сифати ошишига ҳам хизмат қилади. Сабаби дарс жараёнида профессор ўқитувчиларимиз қандай таълим бераётганини кузатиш имкониятига ҳам эга бўламиз. Бу ўз навбатида профессор- ўқитувчиларимизга катта масъулият юклайди. Дарсларда фаол бўлишга ва талабаларимизга чуқурроқ билим беришга ундайди, – дейди Беҳзод Боратбоев.

Шундай қилиб, Қўқон давлат педагогика институтида Ўзбекистонда биринчилар қаторида ўқув жараёнига инновацион усул муваффақиятли тарзда жорий этилди.
Регистратор офисининг йўлга қўйилиши якуний назоратларни бевосита олишга масъул бўлган янги назорат тизимини ишлаб чиқишга сабабчи бўлди. 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб якуний назоратларни рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолатда регистратор офис ходимлари масъуллигида ўтказиш имконияти йўлга қўйилди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bNBS8fx28FI" title="Oliy taʼlimda innovatsion boshqaruv joriy etilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари