Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида 2025/2026 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда талаба сифатида илк бор олий таълим муассасаси остонасига қадам қўйган ёшлар, устозлар ва ота-оналар иштирок этди.
Ҳаяжонли онлар давлат мадҳияси садолари остида бошланди. Шундан сўнг Навоий кон-металлургия комбинати Бош директори, НДКТУ Бошқарув кенгаши раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Қ.Санақулов янги мақсадлар сари дадил одимлаётган йигит-қизларни самимий қутлади. Ҳар бир факультет бўйича энг юқори балл тўплаб, талабаликка тавсия этилган ёшларнинг ота-оналарига университет ректори ташаккурномаси тантанали топширилди. 4-босқични тамомлаган ёшлар 1-курс талабаларига рамзий калитни топшириб, том маънода мазкур ёшлар учун олий таълим даргоҳининг имкониятлар эшиги очиб берилди ва янги ўқув йилининг илк куни бошланди.
[gallery-25156]
Жорий ўқув йилида университет 2 минг 100 нафардан ортиқ талабани бағрига олиб, эндиликда 24 та бакалавр дастурида кундузги, кечки ва масофавий таълим шакллари бўйича кадрлар тайёрланади. Хусусан, Молия ва молиявий технологиялар, Сунъий интеллект, Атроф-муҳит муҳандислиги каби бакалавр дастурлари йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаси жами талабалари сони 11 минг нафардан ошди.
Сирож АСЛОНОВ(сурат,видео),ЎзА