Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий таълим: халқаро майдондаги ҳамкорлик
09:12 / 2025-07-02

Жорий йилнинг июнь ойида Франциянинг Ницца шаҳрида жойлашган Université Cô d’Azur университетида “UI Green Metric World University Rankings (IWGM) 2025” 11-халқаро илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.

Семинар “Барқарор ривожланиш мақсадларини олий таълимда амалга ошириш: Бизнинг муассаса ва жамиятимиз тарихи” мавзуси  доирасида турли мамлакатлардан ташриф буюрган университет вакиллари ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. 

Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этган Бухоро давлат университети ректори, профессор Обиджон Ҳамидов ушбу глобал майдонда “Бухоро давлат университети тажрибаси: Барқарор ривожланиш мақсадларини таълим ва маҳаллий ҳамжамият билан интеграциялаш” мавзусида маъруза қилди.

У ўз тақдимотида БухДУда SDG(Sustainable Development Goals – Барқарор ривожланиш мақсадлари)ни таълим жараёнларига интеграциялаш, чиқиндиларни бошқариш, яшил энергиядан фойдаланиш, экологик хабардорликни ошириш ва маҳаллий ҳамжамият билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларга тўхталди.

Ректорнинг ушбу халқаро анжумандаги иштироки семинар ташкилотчилари тайёрлаган расмий медиа блокда ҳам ёритилиб, унда университетнинг барқарор ривожланишдаги ёндашуви юқори баҳоланди. Семинар доирасида БухДУ ва Université Cô d’Azur ўртасида ўзаро меморандум имзоланди. Ушбу меморандум икки олий таълим муассасаси ўртасида илмий-тадқиқот, академик алмашинув ва SDG бўйича қўшма лойиҳаларни ривожлантиришни назарда тутади.

Франциядаги хизмат сафари давомида О.Ҳамидов Тулуза шаҳар ҳокими ўринбосари, Toulouse Métropole вице-президенти Maxime Boyer билан учрашди. Учрашув давомида Тулуза университетлари билан қўшма таълим дастурлари, сунъий интеллект, халқаро бизнес каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш, шунингдек, талабалар ва ўқитувчилар алмашувини йўлга қўйиш борасида келишувларга эришилди.

Семинар доирасида ташкил этилган Ницца шаҳри бўйлаб маданий саёҳат ҳам иштирокчиларга Француз Риверасининг бой тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш, маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш имконини берди.

Мазкур хизмат сафари давомида Бухоро давлат университети нафақат экологик барқарорлик ва халқаро рейтинглар доирасидаги иштирокини мустаҳкамлади, балки Европанинг етакчи университетлари билан илмий-академик ҳамкорликни янада кенгайтиришга замин яратди. Ушбу ташриф Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, барқарор ривожланиш мақсадларини таълим орқали рўёбга чиқариш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.