Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОЛИЙ ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ: тарих фани олиб ташланиши бўйича фикрлар мавжуд, лекин ҳали бу бўйича вазирнинг буйруғи чиқмаган
13:23 / 2020-07-02

Ижтимоий тармоқларда олий таълим муассасаларидан тарих фани дарслиги чиқариб ташланаётгани ҳақида турли хил фикрлар билдирилмоқда.


Ижтимоий тармоқларда олий таълим муассасаларидан тарих фани дарслиги чиқариб ташланаётгани ҳақида турли хил фикрлар билдирилмоқда.

Тарихчи олима Шоҳистахон Ўлжаева “Олий таълим муассасаларида «Ўзбекистон тарихи» фанини ўтиш ёки ундан воз кечиш керакми?” сарлавҳали мақоласини ижтимоий тармоқларда эълон қилган.

Унда “Яқинда билдикки, номутахассис йўналишларидаги олий таълим муассасалари ўқув юкламаларидан «Ўзбекистон тарихи» фани олиб ташланди”, деган фикр баён этилган.

“Ўз тарихини билган ва ундан қувват олган инсон ҳеч қачон ўз юртига хиёнат қилмайди. Уни такрор ўқитиш бизга фақат ва фақат фойда келтиради. Уни эслатади, онгни чархлайди. Мен қизиқиш билан бошқа республикалардан ўз ватанлари тарихларини ўтишларини суриштирдим. Хусусан Қозоғистонда ҳам барча номутахассис йўналишларда «Қозоғистон тарихи» ўтилади.

Биз кўп нарсаларда бошқалардан андоза олишга ҳаракат қилиб келдик, аммо миллий менталитетимиз, бугунги глобал дунёдаги хавфларни, агар миллий тарихимиз олиб ташланса ёшлар онгидан миллий ўзликни англаш ҳиссиётларига путур етишини, орадан 10-15 йил ўтиб ўз ватанига эмас, ўзи ёки бошқалар фойдасига ишлайдиган, шу заминни муқаддас, деб ҳисобламайдиган ёшлар кўпайиб кетиши мумкинлигини инобатга олмадик. Буюк технократлар етиштирадиган давлатга айланиб қолмасак, деб қўрқаман. Агар тарихни тарихга маҳкум этсак, юрак ва қалб соҳасида оқсаб қолиш хавфи пайдо бўлиб қолмайдими?”

Олиманинг бу долзарб аҳамиятга молик мулоҳазалари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокама этилган.

Турсуной Ҳамроқул қизи «Халқнинг келажаги порлоқ бўлсин, миллат йўқолмасин, деган ҳар қандай прогрессив инсон бу фан ўқитилишини талаб қилиб бонг урсин! Тарихни менсимаслик -маънавий кўрликдир. Бу фанларнинг ўқитилиши ҳам қарз, ҳам фарздир!», деб ёзган.

Хайрулло Саломов эса «Тарихий хотирасизлик лоқайдликни, манқуртликни келтириб чиқаради. Тарихни ҳеч бўлмаганда умумий тарзда билиш мутлақо зарур! Сиёсий билимларни билмай туриб туман, вилоят ёки катта корхона раҳбарни тасаввур қилаяпсизми? Ижтимоий йўналишдан бошқа йўналишлардаги олий ўқув юртларидан жуда кўплаб раҳбарлар чиқишини ўйласангиз, бу калтабинликдан бошқа нарса эмас», деб фикр билдирган.

Бир неча кундан бери муҳокамалар марказида бўлган ушбу масалага аниқлик киритиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари билан боғландик.

Вазирликдан маълум қилишларича,  олий таълим тизимидаги ўқув юртларининг айрим йўналишларидан тарих фани олиб ташланиши бўйича фикрлар бор. Лекин ҳали бу бўйича вазирнинг буйруғи чиқмаган. 

Масъулнинг айтишича, тарих фани барча олий ўқув юртларидан эмас, балки ярмига яқинидан олиб ташланиши мумкин.