French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий таълим тизимидаги ислоҳотлар таҳлил қилинди
21:13 / 2026-02-09

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Самарқанд вилоятида бўлиб, олий таълим муассасалари фаолияти, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш ва битирувчилар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар билан танишди.

Жумладан, вазир Каттақўрғон туманидаги Болтабек маҳалласида Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети талабалари, магистрлари ва ёш тадқиқотчилари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар билан танишди. Каттақўрғон туманида “оғир” тоифага кирувчи 9 та маҳалла белгиланган бўлиб, талабалар ўз ғоя ва таклифларини тақдимотлар орқали намойиш этди.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 23 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида университетнинг шаҳар қурилиши ва коммунал инфратузилмани бошқариш, геодезия, архитектура, қурилиш, шаҳарсозлик ҳамда иқтисодиёт йўналишларида таҳсил олаётган битирувчи курс талабалари, магистрлар ва ёш тадқиқотчилари Самарқанд вилоятидаги 103 та маҳаллага бириктирилган. Улар махсус ташкил этилган штабда масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллаларнинг мастер режаларини ишлаб чиқиш бўйича амалий таклифлар тайёрламоқда. Бунда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, қурилиш ва энергетика масалалари, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ҳамда хизматлар соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қ.Шарипов таълим муассасаси ва иш берувчи ҳамкорлигини ўзида акс эттирувчи дуал таълим жараёнлари билан танишиш мақсадида Самарқанд туманидаги “Стеклопластик” корхонасида бўлди. Таълим ва тиббиёт муассасалари учун лаборатория воситалари, спорт жиҳозлари, мебель ва бошқа асбоб-ускуналар ишлаб чиқарилаётган заводда айни пайтда тумандаги техникумлар ўқувчилари дуал таълим асосида назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаб, ўқиб ҳам ишламоқда.

Корхона томонидан ўқувчиларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш мақсадида яратилган замонавий лаборатория ва ишлаб чиқариш майдонлари бўлажак мутахассисларнинг ўз соҳаси бўйича пухта  билим олиши ва малакага эга бўлишига хизмат қилиши таъкидланди.

Самарқанд давлат иқтисодиёт ва сервис институтида Қ.Шарипов иштирокида “Вазир ва ёшлар учрашуви”  ўтказилди.

Жонли ва очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда талабалар томонидан билдирилган саволларга вазир атрофлича жавоб берди. Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни стартап лойиҳалар ва тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Талабаларнинг таклиф ва ташаббусларини амалга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Самарқанд вилоятидаги таълим муассасалари фаолияти билан танишув якунида олий таълим, фан ва инновациялар вазири вилоят ҳокимлиги ҳамда олий ўқув юртлари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Унда олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, илмий-инновацион фаолиятни кучайтириш, таълим тизимига хорижий инвестиция ва грантларни жалб этиш ҳамда касбий таълим тизимидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда “олийгоҳ-корхона-ҳудуд” тамойили асосида иш олиб бориш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш муҳим вазифа сифатида қайд этилди.

– Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 19 та олий таълим ташкилотида 116 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, – деди Қ.Шарипов. – 2026 йилда олий таълим муассасалари фаолиятининг асосий мезони битирувчиларнинг иш билан таъминланиши бўлади. Бунда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, дуал таълим элементлари жорий этилган дастурлар улушини камида 25 фоизга етказиш лозим. Шунингдек, халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаган университетлар билан қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, карьера марказлари фаолиятини кучайтириш ва иш берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳар бир олий таълим муассасаси раҳбариятнинг доимий эътиборида бўлиши керак.

Йиғилишда вилоятдаги 57 та техникум фаолияти таҳлил қилиниб, дуал таълим қамровини 20 фоизга етказиш, халқаро таълим дастурларини кенгайтириш ва техникумлар самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар қўйилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири