Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий таълим ташкилотларида тьюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
12:47 / 2025-10-21

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Олий таълим ташкилотларида тьюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Олий таълим ташкилотларида тьюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Низомда: 

тьюторлик фаолиятининг мақсад ва вазифалари; 

тьюторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари; 

тьюторлик фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш ҳамда тьюторларга қўйиладиган малака талаблари; 

тьюторлар фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби белгилаб берилган. 

Қарор билан Олий таълим ташкилотларида талаба-ёшлар тарбияси билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш, уларда ватанпарварлик руҳини ошириш ва тьюторлик фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, икки ой муддатда тьюторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш (KPI) тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади. 

Тьюторлар олий таълим ташкилотида талаба-ёшларни ҳар томонлама камол топтиришга, уларда маънавий-ахлоқий қадриятлар ва кенг дунёқарашни шакллантиришга қаратилган тизимли фаолият олиб боради. 

Тьюторлик фаолиятининг мақсади - талаба-ёшларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, шахсий-касбий ривожланишига яқиндан ёрдам бериш, талабаларнинг таълим-тарбия жараёнларига мослашувини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилишдан иборат. 

Тьюторлик фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: 

талабаларнинг олий таълим ташкилоти ва таълим-тарбия жараёнларига мослашувига, ахборот-ресурслари ва бошқа манбалардан самарали фойдаланишига кўмаклашиш ҳамда шахсий-касбий қизиқишларини ривожлантиришга қаратилган якка ва жамоавий маслаҳатлар бериб бориш, ички тартиб-қоидалар, одоб-ахлоқ кодекси ҳамда бошқа локал ҳужжатлар билан талабаларни таништириш; 

талабаларни ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш; 

талабаларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш; 

ногиронлиги бўлган, етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни ҳамда ижтимоий-маданий, маънавий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этаётган талабаларни рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиш; 

талабаларнинг яшаш манзиллари (талабалар турар жойи, ижара, яқин қариндоши ва хусусий хонадонлар) бўйича мунтазам мониторинг юритиш ҳамда у ердаги шароит ва талабаларнинг ижтимоий (оилавий) ҳолатидан хабардор бўлиш, уларнинг бу борадаги муаммоларини ўрганиб, уни бартараф этиш бўйича раҳбариятга тегишли таклифлар киритиш; 

талабаларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда уларни фарзандининг ўқув-тарбиявий ва ижтимоий-маиший соҳалардаги фаолияти тўғрисидаги маълумотлардан хабардор қилиб бориш.

ЎзА