Юртимизда таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг илгари сураётган бир қанча ташаббуслари бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бироқ қабул қилинаётган қарорлар ижроси таъминланмаса, кутилган натижага эришмоқ даргумон.
Шу мақсадда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида давлат раҳбарининг 2025 йил 19 сентябрдаги тегишли фармони ҳамда 2025 йил 14 февралдаги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида семинар бўлиб ўтди.
Олий таълим ташкилотларининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректорлари, ўқув ишлари бўйича проректорлари ҳамда тегишли масъул бўлинма раҳбарлари иштирок этган семинарда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг census.stat.uz порталида тўлиқ рўйхатдан ўтишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда “Келажакка қадам” дастури доирасида битирувчи талабаларнинг амалиётини молиялаштириш тартибини қулай ва тизимли жорий этиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш лозимлиги алоҳида қайд этилиб, бу бўйича масъулларга тизимли топшириқлар берилди.
Шуни айтиш лозимки, илгари сурилаётган ташаббуслар, қабул қилинаётган қарорлар кенг жамоатчилик ҳамда соҳа вакиллари томонидан муҳокама этилса, унинг асл моҳияти англанади ва ижроси муносиб таъминланади.
Шербек Исломов, ЎзА