English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда
17:07 / 2024-10-24

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Тил – миллатлар ва давлатлар элчиси” номли анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда Жазоир-2 университети ректори профессор Саид Раҳмоний, Қўрқиота номидаги Қизилўрда университети илмий ишлар ва халқаро алоқалар бўйича проректори Майнура Бурибаева иштирок этди.

– Жамоамиз Жазоир Халқ Демократик Республикасининг 5 та олий таълим муассасаси билан ҳам ҳамкорлик ўрнатган, – дейди ЎзДЖТУ ректори Илҳомжон Тўхтасинов. – Маълумки, ўзбек ва араб тиллари қадимдан бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ўрта асрларда етук алломаларимиз ўз она тили билан бир қаторда араб тилида ҳам ижод қилганлар. Бугунги кундаги шаклланган бой ўзбек тили лексикасида араб тилининг таъсири беқиёс. Олийгоҳимизда 20 га яқин хорижий тил, хусусан араб тили қарийб 50 йилдан буён ўқитилади. Устоз ва талабаларимиз мунтазам равишда араб давлатларида малака ошириб келади. Ишонаманки, Жазоир-2 университети билан шериклик ҳам янада кенгайиб, дўстона муносабатимиз мустаҳкам ришта ёрдамида боғланади.

[gallery-19965]

Учрашувда кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, бирга илмий тадқиқот олиб бориш бўйича ҳамкорлик жараёнини тартибга солишга келишиб олинди. Келгусида қўшма конференциялар ташкил этиш, илмий- услубий қўлланма, дарслик ва методик материал тайёрлаш, илғор тажриба алмашиш ва замонавий дастурларни амалиётга кенг жорий этиш зарурлиги маъқулланди.

– 1909 йил очилган таълим муассасамиз таркибида Тиббиёт ва фармация, Фанлар, Санъат ва гуманитар мактаблари ҳамда Ҳуқуқ факультети мавжуд, – деди Саид Раҳмоний. – Ўтган йил олийгоҳимизга ЎзДЖТУ раҳбари Илҳомжон Тўхтасинов борган эди. Ўша учрашувимизда илгари сурилган ташаббуслар ижобий самара беради, деган умиддаман.

Қозоғистонлик мутахассис Майнура Бўрибоева эса бугунги глобаллашув даври ҳар биримиздан замон билан ҳамнафас одимлашни талаб этишига эътибор қаратди:

Бугунги кунда барча соҳа ходимлари ўз она тилини мукаммал билиши баробарида бир неча хорижий тилни ҳам билиши, хорижликлар билан эркин мулоқот қила олиши мақсадга мувофиқ. Бу жараёнда хорижий тилларни ўрганиш ва ўқитиш тизимини замонавий услублар ёрдамида такомиллаштириш ҳамда чет тилларни ўрганишга нисбатан рағбатни ошириш жуда муҳим.

Тадбир сўнгида талабалар араб ва ўзбек тилларида ижро этган қўшиқлардан тузилган концерт дастури намойиш этилди.

Муҳаррама Пирматова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА