Шу кунларда Туркия Республикаси Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар бошчилигидаги делегация ва нуфузли олий таълим муассасалари ректорларидан иборат делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Ушбу расмий ҳамкорлик учрашуви муносабати билан кенгаш аъзолари ва нуфузли олий таълим муассасалари ректорларидан иборат делегация ўзаро ҳамкорлик тажриба алмашиш учун Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига ташриф буюрди.
Амалий учрашув давомида вакиллар институт фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида дастлаб «Формали кийим-бошни лойиҳалаштириш бўйича илмий лаборатория»сида бўлдилар. Шу билан бирга чарм буюмлари технологияси, йигириш технологияси ва тўқимачилик матолари технологиялари кафедраларининг ўқув лабораторияси, талабалар амалиёти учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Энг сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланган ушбу лабораторияларда пахта ва кимёвий толаларни қайта ишлашдан тортиб, ип йигиришгача бўлган технологик жараёнларнинг ускуналарини кетма-кетлиги, хусусан, лабораторияларда магистратура талабалари, докторантлар, илмий изланувчилар илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши учун барча шароитлар мавжудлигининг гувоҳи бўлдилар.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги Корея-Ўзбекистон тўқимачилик ўқув-амалий Технопаркининг моддий-техник базаси, иш жараёнлари билан танишиш асносида Туркия-Ўзбекистон технопаркини яратиш борасида таклифлар билдирилди. Бундай замонавий технопарк соҳалар бўйича талабаларни назарий билимларини ўзлаштиришда ҳамда уларда ишлаб чиқариш шароитига мослаштирилган амалий малака ва кўникмаларни шакллантиришда асосий омил бўлмоқда.
Шунингдек, Туркия делегацияси вакиллари ва юртимиздаги профессор-ўқитувчилар ўртасида давра суҳбати ўтказилди.
Учрашув давомида институт ректори – Илҳом Собиров томонидан олий ўқув юртининг тарихи, фаолияти ва истиқболли режалари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Айтиш керакки, институтда 30 дан ортиқ давлатлар қаторида Туркия давлатининг таълим муассасалари билан ҳам яқиндан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Жумладан, Эгей университети, Сакаря амалий фанлар университети ва бошқалар шулар сирасига киради. Институт профессор-ўқитувчилари ҳамкасблари билан тажриба алмашиш мақсадида Туркия давлатига мунтазам равишда борадилар.
Эгей университети билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, ушбу университет билан "Эрасмус+" дастури лойиҳаси асосида ҳамкорликда фан ва таълим соҳасида фаолият юритиб келинмоқда. Ушбу дастурнинг мақсади чарм-пойабзал саноати йўналишидаги таълим дастурларини такомиллаштиришдан иборат.
2021 йил 13 октябь куни институтда Туркиядан келган профессор-ўқитувчилар иштирокида "Эрасмус+" дастурининг йирик конференцияси ташкил этилди.
2017-2021 йилларда институтнинг 10 дан ортиқ профессор-ўқитувчилари академик алмашинув дастурлари доирасида Туркия давлатида сафарда бўлиб қайтишди.
Мазкур ташриф давомида ўтказиладиган барча тадбирлар, ҳар икки мамлакатнинг олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, ривожлантириш ва юқори чўққиларга эришиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА