Жорий йил 24 май куни «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинди.

Мазкур фармоннинг моҳияти, хусусан, олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш ва давлат гранти ажратиш механизмларини такомиллаштириш масалалари юзасидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори ўринбосари Фарҳод Мирзаев ўз фикрларини билдирди.
– Президент фармони билан юртимизда 2024-2025 ўқув йили қабулидан бошлаб давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилиши белгиланди. Бу, ўз навбатида, яқин келажакда ушбу соҳаларда малакали кадрларнинг тайёрланишига замин яратади.
Шунингдек, давлат гранти квоталарининг олий таълим ташкилотлари кесимида тақсимоти тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг танлови ва тўплаган балларига кўра, амалга оширилиши белгиландики, бу юқори балл тўплаган, билимли ёшларнинг давлат гранти асосида таълим олишига имкон беради.
Фармондаги муҳим янгиликлардан яна бири 2025 йилдан бошлаб давлат буюртмаси параметрлари олий маълумотли кадрларга бўлган талаб прогнозига мувофиқ равишда 4 йиллик давр учун тасдиқланишидир.
Шунингдек, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотлари талабаларига давлат гранти ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти шаклида ажратилади. Бунда ижтимоий-рағбатлантирувчи грант қонунчиликда белгиланган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ва мақсадли қабул доирасида талабаликка қабул қилинганларга ҳамда тармоқ ва соҳаларнинг, давлат органлари ва ташкилотларининг грантлари соҳиблари учун ажратилади. Таълим гранти эса давлат буюртмаси параметрлари доирасида олий таълим ташкилотига қабул қилинган талабалар учун ажратилади.
Фармонда кадрлар тайёрлаш сифатига ижобий таъсир қиладиган янгиликлардан бири 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти бир ўқув йили учун ажратилишидир. Таълим гранти биринчи курсда олий таълим ташкилотларига ажратилган давлат буюртмаси квотасига мувофиқ кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган талабаларга берилади. Иккинчи ва ундан кейинги курсларда эса юқори академик рейтинг кўрсаткичларига эришган ва ижтимоий фаол талабалар орасида олий таълим ташкилотлари томонидан табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади.
Таълим гранти табақалаштирилган тартибда молиялаштирилади ва стипендия фақат тўлиқ таълим грантини ютган талабаларга тўланади, ижтимоий-рағбатлантирувчи грант соҳиби бўлган талабаларга эса давлат гранти уларнинг ўқиш даври учун тўлиқ ҳажмда тақдим этилади. Таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тамомлаганларидан сўнг камида 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади.
Маълумки, амалда ОТМга кириш имтиҳонларида танловда иштирок этишнинг минимал ўтиш бали барча бакалавриат таълим йўналишлари учун бир хил ҳисобланади. Қабул қилинган фармонга кўра давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш бали тегишли бакалавриат таълим йўналишининг олдинги ўқув йилидаги ўртача ўтиш балларини ҳисобга олган ҳолда Давлат комиссияси томонидан белгиланади.
Бундан ташқари, магистратура мутахассисликлари ва олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига қабул қилишда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификатларнинг даражаларига ўзгартиришлар киритилди. Амалда икки хил даражада сертификат талаби мавжуд бўлса, янги тартибга кўра қуйидаги даражалардаги сертификатлар талаб этилиши белгиланди.
Хусусан, хорижий тиллар йўналишлари бўйича – камида C1 даражасида, гуманитар, биологик ва турдош фанлар, математика ва статистика, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва хулқ-атворга мансуб фанлар, журналистика ва ахборот, ахборот-коммуникация технологиялари таълим соҳалари бўйича – камида Б2 даражасида, бошқа таълим соҳалари ҳамда маданият ва спорт мутахассисликлари (ихтисосликлари) бўйича – камида Б1 даражасида.
2024/2025 ўқув йили қабулидаги муҳим янгиликлардан бири – давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича имтиҳонлар «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилишидир. Бунда абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналиши, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади.
Маълумки, ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июль-август ойларида ўтказилади.
Иккинчи босқичда абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди.
Барча давлат коллеж ва техникумларига «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқ қабул қилишда абитуриентлар коллеж ва (ёки) техникумни, касб ва мутахассисликни ҳамда таълим шаклини олий таълим муассасаларига қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг 10 кун муддатда танлайди.
Шу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, профессионал таълим муассасалари учун алоҳида тест синови ўтказилмайди.
Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан ёшларнинг хорижий тилларини ўрганишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу жиҳатдан, мазкур фармонда 2025-2026 ўқув йили қабулидан бошлаб фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилиши белгиландики, бу ёшларнинг хорижий тилларни янада чуқурроқ эгаллашларига имконият яратади.
Шунингдек, фармон билан имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка тавсия этиш учун асос бўлувчи имтиёзга эга абитуриентлар Давлат комиссиясининг қарорига асосан таълим шаклидан қатъи назар, рўйхатдан ўтишда имтиёз амал қиладиган доирада танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Бундан ташқари, алоҳида қабул параметрлари доирасида танловда иштирок этиш учун асос бўлувчи имтиёзга эга абитуриентлар улар учун ажратилган алоҳида қабул параметрлари доирасида, танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этади. Лекин мазкур талаб ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда "Меҳрибонлик" уйлари, болалар шаҳарчалари, SOS – болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйларининг битирувчилари бўлган етим болалар, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар (йигирма беш ёшга тўлмаган) учун татбиқ этилмайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юқоридаги фармоннинг қабул қилиниши олий таълим олиш истагида бўлган ёшларимиз учун янада кенг имкониятлар эшигини очади.
ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.