Зарафшон шаҳрида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети Зарафшон факультетининг янги замонавий биноси фойдаланишга топширилди.
Тантанали тадбирда Зарафшон шаҳар ҳокимлиги ва Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарияти, фахрийлар, факультет жамоаси ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Унда сўзга чиққанлар мазкур таълим масканининг ҳудуд ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

Мазкур факультет Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилган. Унинг асосий мақсади олис ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, хусусан, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманлари ёшлари учун яшаш ҳудудига яқин жойда олий таълим олиш имкониятини яратишдан иборат.


Янги бинода таълим жараёнини самарали ташкил этиш учун барча замонавий шарт-шароитлар яратилган. Айни пайтда факультетда 500 нафардан ортиқ талаба “Кончилик иши”, “Кончилик электр механикаси”, “Металлургия”, “Фойдали қазилмаларни бойитиш” ҳамда “Технологик машиналар ва жиҳозлар” таълим йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда.


Таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш, амалиётни кучайтириш ҳамда соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса ўз навбатида, ҳудудда фаолият юритаётган йирик саноат корхоналари, хусусан, Навоий кон-металлургия комбинати учун замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассислар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.

Келгусида факультет фаолиятини янада кенгайтириш, магистратура мутахассисликларини ҳам ушбу ҳудудда йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу таълим тизимининг босқичма-босқич такомиллашуви, илмий салоҳиятнинг ошиши ҳамда ҳудудда интеллектуал муҳитни мустаҳкамлашга замин яратади.
А. Бўриев, ЎзА