Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллиги меҳнат бозорида кадрлар рақобат бардошлигини оширади
19:50 / 2022-01-01

Сўнгги 5 йилда юртимизда барча соҳалардаги каби олий таълим тизимида ҳам жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 Ушбу ислоҳотларнинг туб моҳиятида олий таълим муассасаларига ёшларнинг қамровини ошириш, уларни ўқитиш учун шарт шароитлар яратиш, олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, олий таълим муассасаларининг рақобатбардошлигини ошириш ётади.

Яқинда муҳтарам Президентимизнинг «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари эълон қилинди. Ушбу қарор 2021 йил 24 декабрь куни матбуотда чоп этилиши биз олий тиббий таълим муассасалари хурсандчилигига сабаб бўлди. Қарор иловасида эълон қилинган молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасалари қаторида Тошкент тиббиёт академиясининг борлиги бизга жуда катта масъулият юклади. Қарор бандларини кўрар эканмиз, молиявий мустақилликка 2022 йил 1 январдан бошлаб кириш лозимлик таъкидланган.

Ушбу қарорнинг дастлабки бандида таълим хизматлари бозоридаги талабни инобатга олган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини мустақил белгилаш айтиб ўтилган. Аксарият хорижий олий таълим муассасаларида ўқитиш қийматини ўзи белгилаганлиги туфайли ҳар хил олий таълим муассасаларида ҳар хил қилиб белгиланган. 

Ушбу бандда олий таълим муассасасининг илмий салоҳиятлари, унинг моддий техника базасига қараб ўқитиш қиймати белгиланади, бу эса олий таълим муассасаларида имкониятларни яратишга ундайди. Бундан ташқари, талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтиришни олий таълим муассасасининг ўзи белгилаши талабаларни интизомга чақириши билан бирга ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга тўлаш муддати ва турини индивидуал белгилаш, талабага қўшимча имконият яратишга хизмат қилади. 

Қарорнинг муҳим бандларидан бири, бу - таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни қўллай оладиган ва илмий изланиш олиб борадиган маҳаллий ҳамда хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бўлиб, бунда хорижий мутахассисларни таълим жараёнига жалб қилиш билан бирга талабаларга таълим бериш сифатини ошириш, педагоглар ўртасида эркин рақобатни шакллантириш имконини беради, бу эса пировард натижада олий таълим муассасаси рейтингини оширишга хизмат қилади.

Профессор-ўқитувчилар штат бирликларини киритиш меъёрларини ишлаб чиқиш ҳам олий таълим муассасаларига берилган бўлиб, фаолият юритаётган педагогларн штатлари сонини талабга қараб ошириш ёки камайтириш имконини беради.

Қарорнинг энг муҳим бандларидан бири - ўз маблағлари ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш бўлиб, талабанинг ўзлаштиришига, унинг фаоллигига ва ижтимоий эҳтиёжига қараб уларга стипендия белгилаш талабалар орасида олий таълим муассасасига бўлган иштиёқини оширади ва яхши билим олишга мотивация қилади.

Ёшларни олий таълимга қамраб олиш учун унинг жозибадорлигини ахборот ресурс марказидаги яратилган шарт-шароитлар, улардаги ўқув адабиётларнинг сони ва сифати таъминлайди. Шу нуқтаи назардан қарорнинг хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни тўғридан-тўғри харид қилиш белгиланган банди айни муддао бўлади, чунки ахборот ресурс марказида талабаларнинг хорижий адабиётлар маълумотларини ўзлаштириш мақсадида чет тилларини ўрганишга ундайди.

Таълим олаётган талаба учун барча таълим йўналишлари ва босқичлари бўйича бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдори ҳисоблаб чиқилиши ҳам қарорнинг муҳим бандларидан бири бўлиб, таълим йўналишларига ва таълим олиш босқичларига дефференциал ёндашувга ундайди.

Молиявий мустақиллик берилаётган олий таълим муассасаларига ажратилаётган давлат гранти асосида таълим олаётган талабалар учун бюджет маблағлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора ҳамда олий таълим муассасаси ўртасида имзоланадиган битим асосида ажратилиши тиббий олий таълимнинг ўзига хослигини инобатга олиш имконини беради.

Бунда давлат гранти асосида таълим олаётган талабалар учун ажратилган бюджет маблағлари олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади ва ҳисобот даври охирида маблағларнинг қолдиғи олий таълим муассасаси ихтиёрида қолдирилиши маблағларни тежамкорлик билан тақсимлаш имконини яратади.

Таълим хизматлари учун тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан келиб чиқиб, бироқ олий таълим муассасасини ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш, истиқболда ривожлантириш ҳамда таълим хизматлари бозоридаги ўзаро рақобат асосида белгиланиши таълим йўналишларини ва унинг моҳиятини мутахассисликларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб белгиланиши талабаларнинг таълим олиш масъулиятини оширади.

Молиявий мустақиллик яна олий таълим муассасаларининг асосий воситалар ва товар-моддий бойликларни сотишдан тушган маблағлар тўлиғича ўз ихтиёрида қолдирилиши қарорда ўз аксини топган. Шундан келиб чиқиб молиявий сарф-харажатлар мувозанатини сақлаш мақсадида молиявий назорат тадбирларини холисона ва мустақил ўтказадиган ички аудит ва молиявий назорат хизмати ташкил этилиши ҳам қарорда белгилаб қўйилгандир. Бундан ташқари, маблағларнинг сарфланиши юзасидан юқори турувчи вазирликка (идорага) ҳар чоракда белгиланган тартибда ҳисобот берилиши ҳам олий таълим муассасалари масъулиятини ошириш учун хизмат қилади.

Молиявий мустақилликни амалга оширишда ошкоралик механизмларини таъминлаш мақсадида қарорда Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар, харид қилинган товарлар ва хизматлар, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда тасарруфидаги маблағлар, моддий бойликлар ва мулкдан фойдаланиш тўғрисидаги бошқа маълумотларни ўз расмий веб-сайтларига мунтазам жойлаштириб борилиши кўрсатилган бўлиб, бу молиявий ошкораликни таъминлайди.

Шунингдек, маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, жумладан, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва стипендия тўловларини ўз вақтида ҳамда тўлиқ амалга ошириш учун жавобгарлик тегишли олий таълим муассасаси раҳбарлари зиммасига юкланиши янада масъулиятни оширишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасалари юридик шахс мақомига эга бўлган бюджет маблағларини олувчи давлат ташкилоти ҳисобланиши ҳам қарорда белгиланган.

Молиявий мустақиллик берилаётган олий таълим муассасалари талабаларни тўлов-контрактлари миқдорини мустақил белгилаши айтилган, лекин талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати олий таълим муассасаси томонидан таълим хизматлари бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, бироқ тегишли йўналиш бўйича давлат олий таълим муассасаларида белгиланган базавий тўлов-контракт қийматидан уч баравардан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланиши таъкидланган. Шу билан бирга, бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура мутахассисликлари кесимида қабул шартларида тўлов-контракт қиймати табақалаштирилган миқдорларда белгиланиши мумкин. Бу ҳам мутахассисликлар орасида рақобат уйғотади.

Молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларида кузатув кенгашларининг бўлиши, уларнинг ваколатларига:

олий таълим муассасасининг узоқ ва ўрта муддатли стратегик ривожлантириш дастурини тасдиқлаш, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг юқори ўринларидан жой олиш бўйича мақсадли чора-тадбирларни белгилаш ҳамда унинг амалга оширилишини назорат қилиб бориши;

олий таълим муассасасининг ўрта муддат учун шакллантириладиган бизнес-режаси ҳамда даромадлар ва харажатлар параметрларини тасдиқлаш, уларнинг ижросини муҳокама қилиш;

таълим йўналишлари, мутахассисликлар ҳамда ихтисосликлар бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул параметрларини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

олий таълим муассасаси олдига қўйилган вазифалар ижроси, мақсадли кўрсаткичларга эришилиши бўйича ректор ва проректорлар фаолиятини ўрганиш ҳамда ахборотини эшитиш;

олий таълим муассасасининг ички аудит ва молиявий назорат хизматига молиявий назорат ўтказиш учун қўшимча топшириқ бериш ҳамда назорат тадбирларининг натижаси юзасидан ҳисобот олиш;

олий таълим муассасасини ривожлантириш ва молиявий фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилоти кўринишида мақсадли капитал жамғармасини шакллантириш;

илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларининг инновацион ва бошқа жамғармалар маблағларини сарфлаш тартиби ва йўналишларини мустақил белгилаш;

олий таълим муассасаси раҳбари ва ходимлари ҳамда профессор-ўқитувчилари фаолиятига баҳо бериш, улар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини (KPI) тасдиқлаш;

олий таълим муассасаси ҳамда улар ҳузуридаги таълим ва илмий муассасаларнинг раҳбар ва ходимлари, профессор-ўқитувчилари, шунингдек, хорижий мутахассислар учун меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва самарадорлик мезонларига асосланган рағбатлантириш тартибини мустақил белгилаш;

олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартибини, шу жумладан харажатларнинг тақсимланиш улушини мустақил белгилаш киритилгандир.

Шунингдек, қарорда давлат олий таълим муассасалари талабалари учун электрон шартномалар тузиш, тўлов-контракт асосида ўқитиш харажатларини онлайн тўлаш ва маблағлар ҳисобини юритиш бўйича ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш ҳамда Молия вазирлиги ва Марказий банкнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш белгилаб қўйилгандир.

Бунда олий таълим муассасаси ҳамда битирувчилар ўртасида узвий алоқа ўрнатиш, уларнинг келгуси профессионал фаолияти, эришган ютуқлари 
ва тажрибаларини ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириб бориш, улар билан талабалар ўртасида алоқа ўрнатиш, маҳорат дарслари ташкил этиш юзасидан зарур чоралар кўриши таъкидланган. Бунда битирувчиларнинг келгусида эришган ютуқлари олий таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларидан бири ҳисобланиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, олий таълим муассасалари раҳбарларининг фуқароларга таълим хизматлари кўрсатиш қамрови ва сифатини ошириш, таълим жараёнини илғор олий таълим стандартларига мувофиқлаштириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш бўйича белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилиши юзасидан оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка мунтазам равишда ҳисобот бериб бориши назарда тутилган.

Тиббиёт олий таълим муассасаларига уларнинг клиникаларида моддий-техник базани мустаҳкамлаш, шунингдек, капитал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан зарур маблағлар сарфлашга рухсат берилиши клиник фанлар бўйича амалий машғулотларни ташкил қилишда ўқув аудиториялар сонини ошириш, клиник базаларда шароит яратишга имкон туғилади.

Бундан ташқари, давлат олий таълим муассасалари Солиқ кодексига мувофиқ солиқ тўлашдан озод этилганлиги, молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларига қонунчиликда олий таълим муассасалари учун назарда тутилган солиқ имтиёзлари татбиқ этилиши, молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасаларига ижтимоий солиқнинг 12 фоиз миқдордаги ставкаси қўлланилиши божхона божидан озод қилиш бўйича имтиёз ўқув ҳамда илмий лаборатория жиҳозлари, махсус асбоб-ускуналар, ўқув, илмий-методик адабиётлар, ўқитишнинг техник воситалари, мультимедиа маҳсулотларини олиб кирувчи барча юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилиши олий таълим муассасаларига маблағларни тежаш имкониятларини яратади.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кундаги яратилаётган шароитлар, тиббий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим сифатини оширишга, олий таълим муассасалари рақобатбардошлигини оширишга, халқаро таълим майдонида ўз ўрнини эгаллаш имконини беради.

Алишер ШОДМОНОВ, Тошкент тиббиёт академияси ректори, профессор