English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий таълим муассасаларига қабул жараёнида қандай ўзгаришлар бор?
19:34 / 2021-06-24

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими вазирликлари ҳамда Давлат тест маркази мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда олий таълим муассасаларида 2021-2022 ўқув йилига тайёргарлик жараёни, кириш имтиҳонларининг ташкил этилиши ва қабул параметрлари билан боғлиқ масалалар ҳақида маълумот берилди.  

- 2021-2022 ўқув йили учун умумий қабул квотаси 170 минг 655 нафар этиб белгиланган, – деди олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов. – Барча абитуриентларни қувонтирган янгиликлардан бири, ушбу ўқув йилидан бошлаб давлат гранти асосида қабул квоталари 25 фоизга оширилди. Шунингдек, давлат гранти асосида кадрларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат ОТМлари учун ҳам шакллантириладиган бўлди. Бундан ташқари, абитуриентлар рўйхатдан ўтиш жараёнида танланган бакалавриат таълим йўналишлари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида танловда иштирок этишлари бўйича қўшимча имконият берилади.  

- Бугунги кунда абитуриентлар учун ОТМлар тўғрисида, улардаги қабул квотаси ҳақида барча маълумотларни олиш имконияти яратилган, – деди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. – Шунингдек, мактаб битирувчилари учун аттестат олиш жараёни соддалаштирилди. Битирувчиларнинг аттестатлари ДТМ базасига юкланган, улар онлайн ҳужжат топшириш жараёнида тўғридан-тўғри фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Бундан ташқари, халқ таълими тизимида ОТМларга кириш кўрсаткичи паст бўлган мактабларнинг сони учдан бир фоизга қисқарди. Мактабларда абитуриент штаблари ташкил этилган бўлиб, у ерда ҳар бир битирувчига ОТМ танлашига ва уларга тайёргарлик кўриш жараёнларига кўмаклашади. Шунингдек, мактабларда интернетдан муаммоси бўлган битирувчилар учун ҳужжатларини топшириш имконияти ҳам яратилган. Бу ишларнинг барчаси мактаб битирувчиларига енгиллик яратиш мақсадида олиб борилмоқда.  

– Бу йилги қабул жараёнида ўтган йилга ўхшаб 22 июндан 22 июлгача электрон тарзда рўйхатдан ўтилади, – деди Давлат тест маркази директори Мажид Каримов. – Ўтган йилга нисбатан бу йил имкониятлар янгиланган. Ҳозирда тест маркази томонидан 40 мингта имтиёзлар тури турли вазирлик ва ташкилотлардан шакллантириб бўлинди. Абитуриентларимиз вазирлик ва ташкилотларга бориб, имтиёз ҳужжатини тасдиқлатиб ўтирмайди, қабулда битирувчининг маълумотлари киритилганда унинг имтиёзлари чиқиб келади. Шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ОТМларга имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга кириш бўйича имтиёзга эга бўлган шахслар умумий қабул параметрларидан ташқари, қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.  

Бундан ташқари, матбуот анжуманида магистратура мутахассисликларига ўқишга қабул қилиш босқичлари, хорижий ОТМлардан ўқишни кўчириш тартиби, ижодий имтиҳонлар ва бир қатор соҳага оид бошқа масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.  

 

Файзулло Яҳёев, ЎзА