Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий таълим муассасаларига кириш тестларини янгича кўринишда тузиш бўйича миллий экспертлар ўқитилди
15:53 / 2021-02-06

Вазирлар Маҳкамасидаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида миллий сертификатлаш тизими доираси ташкил қилинган ўқув семинарларни муваффақиятли якунлаган экспертларга сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.

Унда Таълим инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одил Қўйсинов, Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов, Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Лазиз Хўжақулов, ТEАМ университети Таълим сифатини назорат қилиш ва такомиллаштириш бўлими бошлиғи Комил Жалилов, хорижда малака ошириб келган тестологлар ҳамда ўқув семинарларида муваффақиятли қатнашган экспертлар иштирок этишди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги «Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йилдан бошлаб олий таълим муассасаларига қабул қилишда, миллий сертификация тизими жорий қилинмоқда. Миллий сертификатлаш тизимини 7 та фан бўйича босқичма-босқич жорий этилмоқда. Биринчи босқичда она тили ва адабиёти ҳамда математика, иккинчи босқичда кимё ва биология, якунда эса физика, география ва тарих фанларидан жорий қилиниши режалаштирилган.

Қарорда умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва давлат намунасидаги сертификатни бериш учун тузиладиган тест саволлари давлат таълим стандартларига мос равишда ҳамда таълим ўқув дастурига мувофиқ ишлаб чиқиш Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси зиммасига юклатилган эди.

Мазкур вазифа ижросини сифатли таъминлаш мақсадида Таълим инспекция мутахассислари томонидан бир қатор илғор хорижий тажрибалар хусусан Буюк Британиянинг Cambridge Assesment, Pearson, A Levels, Америка Қўшма Штатларини CAT, Россиянинг ЕГE тест тизимлари ўрганиб чиқилди. Қолаверса инспекция ҳузуридаги Миллий тадқиқотлар маркази мутахассислари томонидан PISA, PIRLS ва TIMSS каби халқаро тан олинган тест тизимлари таҳлил қилинди.

Шунингдек, олий таълим муассасаларига кириш истагида бўлган ёшлар хотирасини эмас, балким билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиш учун саволларни тузишда иштирок этадиган, илғор хорижий тажрибалардан хабардор миллий тестологларга эҳтиёж борлиги маълум бўлди.

Мазкур муаммони ҳал қилиш учун олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, Президент мактаблари, академик лицейлар, умумтаълим ва хусусий мактабларнинг малакали педагоглар ҳамда методистлар танлаб олинди ва улар учун Таълим инспекцияси томонидан хорижда малака ошириб қайтган тестологларни жалб қилган ҳолда «Тестология ва баҳолаш назарияси» мавзусида 3 ҳафталик ўқув семинари ташкил қилинди.

Мазкур семинарларда миллий сертификация тизимига жалб қилинган 70 нафардан ортиқ экспертлар ҳамда таълим инспекциясининг 20 нафарга яқин доимий экспертлари иштирок этишди. Вилоятдаги экспертлар учун дарслар тўғридан-тўғри ZOOM орқали узатиб борилди ҳамда инспекциянинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштириб борилди.

Семинарлар давомида тест тузувчи экспертлар тест яратиш босқичлари, валидлик, ёпиқ ва очиқ тест тест топшириқларини яратиш, тест топшириқларининг сифат параметрлари каби мавзулар бўйича маърузалар тинглашди ҳамда умумтаълим фанларидан Миллий тест тизими учун тест топшириқларини яратиш ва таҳлил қилиш бўйича амалий машғулотлар бажаришди.

Тест сифатини таҳлил қилувчи экспертлар эса баҳолаш жараёнининг моҳияти ва асосий қонуниятлари, ишончлилик, тест топшириқлари сифати, тест натижаларини таҳлил қилиш каби мавзуларни маърузалар тинглашди ва тест топшириқларининг апробация натижаларини таҳлил қилиш бўйича амалий машғулотлар бажаришди.

Тадбирда сўз олганлар Давлатимиз раҳбари томонидан ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш вазифаси белгиланганини, бунинг учун Финляндия тажрибасини ўрганиш ишлари бошланганини, шундай экан миллий сертификатлар учун тестларни ҳам ушбу илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда тузиш зарурлиги айтилди.

Хусусан, Таълим инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одил Қўйсинов мазкур масалага тўхталиб ўтар экан, шундай деди:

– Узоқ йиллар амалдаги тест тизимимизда кўпроқ хотирани синаш, ёд олинган билимни текширишгагина қаратиб келинган. Шунинг учун ҳам олий таълим муассасаларига киришда мактаб таълимига эмас репетиторлар кўмагига таяниб келинди. Сўнгги икки уч йилда эса тестлар мазмуни ҳам халқаро тажриба асосида янгилаб борилмоқда. Мактаб таълимида асосий эътибор ўқувчиларнинг мантиқий фикрлаши, креатив қобилиятларини шакллантиришга қаратилаётганини инобатга олиб, тестларни ҳам бунга мослаштириш бўйича бўйича ишларни янада жадаллаштиришимиз лозим.

Буни тестологияда Wашбаcк эффекти деб аташади. Мазкур тушунча асосан, тест жараёнларининг таълимга ва бу орқали жамиятга бўлган муносабатини ўрганади. Халқаро тадқиқотларга кўра Wашбаcк эффекти 3 нарсани ўзгартиради: таълим жараёни қатнашчиларини таълимга бўлган муносабати, тест тизимида ўқув методикасини ва, албатта, таълим сифатини ўзгартиради.

Шу нуқтаи назардан, тест саволларини янгича кўринишда тузишни йўлга қўйиш учун Таълим инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, Давлат тест маркази билан ҳамкорликда она тили ва адабиёти (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти), математика, кимё ва биология фанлари бўйича якуний тест формати ишлаб чиқилди ҳамда Давлат тест маркази веб-сайтига жойлаштирилди.

Умид қиламанки, ўтказилган семинар мазкур жараёнда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг дебочаси бўлиб қолади ва бу борада амалга ошириладиган кўплаб тадқиқотларга асос бўлиб хизмат қилади.

Табдир якунида ўқув семинарларида муваффақиятли қатнашган экспертларга тегишли сертификатлар топширилди. Эндиликда ушбу мутахассислар умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест синовлари учун саволлар тузишда ва уларни таҳлил қилишда иштирок этишади.