Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди (+видео)
16:19 / 2025-09-03

Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида, жумладан, олий таълим тизимини такомиллаштириш, ўқув сифатини яхшилаш, ёшларга муносиб шароитлар яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар мустақиллигимиз самарасидир, десак янглишмаган бўламиз.

Бугун республикамиздаги барча олий таълим муассасаларида бўлгани каби Ўзбекистон давлат хореография академиясида ҳам янги 2025/2026 ўқув йили бошланди. Шу муносабат билан биринчи босқичга қабул қилинган талабаларни муносиб кутиб олиш, уларни таълим муассасаси ҳаёти, мавжуд тартиб-қоида ва шарт-шароит билан яқиндан таништириш мақсадида учрашув ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенова, академия раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ота-оналари иштирок этди.

Дастлаб академия ректори, профессор Шуҳрат Тўхтасимов йиғилганларни қутлаб, янги талабаларга муваффақият тилади. Шундан сўнг ёшларга академиянинг тарихи, фаолияти, таълим йўналишлари ҳамда ўқув муассасида яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/f2B1PiPdsBE" title="Oliy ta’lim muassasalarida yangi o‘quv yili boshlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Фаоллар залида ёшлар билан очиқ мулоқот руҳида ташкил қилинган учрашувда мутасаддилар ўғил-қизларга академияда таҳсил олиш баробарида ижодий фаолият билан шуғулланиш имконияти ҳам мавжудлиги борасида фойдали маслаҳатлар берди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишли жавоблар олишди.

Ў.Алимов, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА