Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий таълим муассасаларида сунъий интеллект – унинг ижобий ва салбий жиҳатлари нимада? (+видео)
20:48 / 2024-02-29

Таҳлил ва таклиф

Мамлакатимизда кўплаб йўналишлар қаторида сунъий интеллект технологияларини ҳаётнинг барча жабҳаларига, жумладан, олий таълим тизимига жорий этиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Олий таълим муассасалари фаолиятига сунъий интеллект технологиясини жорий этиш нақадар муҳим? Унинг ижобий ва салбий жиҳатлари нималардан иборат? Шу каби саволлар юзасидан Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази Халқаро ҳамкорлик ва хорижий тажрибани тадқиқ қилиш бўлими бошлиғи Мусурмон ХУРРАМОВ билан суҳбатлашдик.

– Юртимизда сунъий интеллект технологияларини турли жабҳаларга, жумладан, олий таълим тизимига жорий этиш замон талабидир. Самарали ишларимиз натижасида мамлакатимизнинг тегишли халқаро рейтинглардаги ўрни ҳам мустаҳкамланиб бормоқда, – деди Мусурмон Хуррамов. – Масалан, яқинда Оксфорд университети томонидан эълон қилинган Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёргарлиги индексида Ўзбекистон 2021 йилга нисбатан 14 поғона юқорилаб, 93-ўриндан 79-ўринга кўтарилди. Бундан ташқари, АҚШнинг “OpenAI” компанияси Ўзбекистонни Chat GPT (Chat Generative Pre-Trained Transformer) – сунъий интеллектга асосланган чатботдан фойдаланиш мумкин бўлган давлатлар рўйхатига киритди. Натижада Ўзбекистон олий таълим тизими дунёда энг оммалашган мазкур чатботдан унумли фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда жадал ривожланаётган сунъий интеллект технологияси инсон фаолиятининг барча соҳаларига, жумладан, олий таълим тизимига ҳам чуқур кириб келмоқда. Айрим етакчи хорижий олий таълим муассасалари аллақачон сунъий интеллект технологиясини ўз фаолиятида қўллашни бошлаган бўлса, баъзилари ҳали-ҳамон мазкур технологияни татбиқ этиш бўйича бир қарорга келмаган. Бунга олий таълим муассасаси ходимларнинг сунъий интеллектни ўз соҳаси доирасида қўллаш бўйича зарур билим, кўникма ва тажрибага эга эмаслиги, ахборотни ҳимоялаш бўйича янгича механизмлар ишга туширилмаганлиги ҳамда ҳар қандай янгиликка нисбатан инсонларда бўладиган табиий хавфсираш ҳолатлари сабаб бўлмоқда.

– Сунъий интеллектни жорий этиш олий таълим муассасаларига нима беради, унинг ижобий ва салбий жиҳатлари нималардан иборат? 

– Олий таълим муассасалари фаолиятига сунъий интеллект технологиясини татбиқ этиш уларга устунликларни тақдим этади. 

Масалан, индивидуал таълим (Personalized Learning): Сунъий интеллект талабаларнинг билим даражаси ва салоҳиятига қараб мослаштирилган ўқув дастури ва контентини яратиш орқали индивидуал таълимни таъминлайди. Шунингдек, талабалар фаолиятини таҳлил қилиш, билим ва кўникмаларидаги камчиликларни аниқлаш, таълим натижаларини яхшилаш учун мослаштирилган тавсиялар бериши мумкин.

Юқори самарадорлик (Enhanced Efficiency) борасида эса сунъий интеллект технологиялари баҳолаш, режалаштириш ва ҳужжатларни юритиш каби маъмурий вазифаларни автоматлаштиради. Бу ўз ўрнида олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва ходимларининг иш юкини камайтириб, меҳнат унумдорлигини оширади.

Интеллектуал тюторлик тизимлари (Intelligent Tutoring Systems) бўйича эса сунъий интеллектга асосланган таълим технологиялари талабаларнинг сўровларига дарҳол жавоб қайтариши, таклиф ва тавсиялар бериши ҳамда йўл-йўриқлар кўрсатиши мумкин. Мазкур технология талабаларга ўз тезлигида таълим олиши учун қўшимча тушунтиришлар, интерфаол машқлар ва шахсий тавсияларни таклиф қилиши мумкин.

Маълумотларга асосланган таҳлил (Data-Driven Insights) борасида сунъий интеллект катта ҳажмдаги таълим маълумотларини тезкорлик билан қайта ишлаш қобилияти орқали таҳлилий ҳужжатларни осон ва вақт йўқотмасдан тайёрлаш имконини беради. Сунъий интеллект ёрдамида тегишли маълумот ва тенденцияларни таҳлил қилиш орқали олий таълим муассасалари ўқув дастурларини такомиллаштириш, талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини ошириш ҳамда ўз фаолиятини яхшилаш учун маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, фойдаланиш имконияти ва инклюзивлик (Accessibility and Inclusivity) жиҳатидан сунъий интеллект муқобил ўқув платформалари, мослашувчан ва ёрдамчи технологияларни тақдим этиш орқали ногирон ёки махсус эҳтиёжга эга бўлган талабаларнинг таълим олиш жараёнини янада осонлаштиради. Бу инклюзивликни рағбатлантириши ҳамда таълим олиш имкониятини барча тоифадаги талабалар учун очиқ ва қулай қилиши мумкин.

Плагиатни аниқлаш (Plagiarism Detection) бўйича сунъий интеллектга асосланган плагиатни аниқлаш воситалари профессор-ўқитувчиларга талабаларнинг ишини илмий ресурслар ва нашр этилган материалларнинг кенг маълумотлар базалари билан таққослаш орқали кўчирмачилик иллатларини аниқлашда яқиндан ёрдам беради.

– Олий таълим муассасаларида сунъий интеллект технологиясини жорий этишнинг салбий жиҳатлари ҳам борми?

– Бу борада аввало ахлоқий мулоҳазалар (Ethical Considerations) жиҳатига эътибор қаратадиган бўлсак, олий таълимда сунъий интеллектдан фойдаланиш маълумотлар махфийлиги, алгоритмик тарафкашлик ва шаффофлик каби ахлоқий муаммоларни келтириб чиқаради. Олийгоҳлар сунъий интеллект тизимларини интеграция қилиш жараёнида ижтимоий адолат, жавобгарлик ва шаффофлик масалаларини жиддий ўйлаб кўриши ҳамда тақдим этилаётган маълумотлар ахлоқ қоидаларига зид бўлмаслигини таъминлаши жуда муҳимдир.

Иккинчи жиҳати инсонлар ўртасидаги ўзаро мулоқотнинг етишмаслиги (Lack of Human Interaction) бўлиб, сунъий интеллект талабанинг билим олиш бўйича тажрибасини яхшилаши мумкин, аммо у профессор-ўқитувчи ва талаба ўртасидаги ўзаро жонли мулоқотнинг ўрнини тўлиқ эгаллай олмайди. Аксарият талабалар ҳали ҳам профессор-ўқитувчилар ва тенгдошлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни хоҳлашади.

Яна бир жиҳат – реализация қилиш муаммолари (Implementation Challenges) бўлиб, сунъий интеллект технологияларини мавжуд олий таълим тизимларига интеграция қилиш мураккаб жараён бўлиб, катта ресурс ва маблағ талаб қилиши мумкин. Шу сабабли олий таълим муассасалари сунъий интеллект технологияларини ўз фаолиятига самарали жорий этишлари учун инфратузилма, кадрлар тайёрлаш ва доимий техник таъминот тизимларига сармоя киритишлари лозим бўлади.

Иш жойини ўзгартириш билан боғлиқ муаммолар (Job Displacement Concerns) ҳам кўзга кўриниши мумкин. Бунда сунъий интеллект маълум вазифаларни автоматлаштиргани сабабли олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва бошқарув ходимлари иш ўринларининг қисқариши ёки иш жойини ўзгартириш каби ҳолатлар юзага келади. Шунга қарамасдан олийгоҳларда сунъий интеллект тизимини ишлаб чиқувчи дастурчилар, маълумот таҳлилчилари ва таълим технологлари каби янги иш ўринлари ҳам яратилиши мумкин.

Технологияга ҳаддан ташқари ишониш (Overreliance on Technology) жиҳатидан олиб қарайдиган бўлсак, тегишли текширув ўтказмасдан туриб сунъий интеллект тизимларига ҳаддан ташқари ишониш талабаларда танқидий фикрлаш, ижодкорлик ва муаммоли ҳолатларга ечим топиш каби қобилиятларнинг пасайишига олиб келади. Талабаларнинг самарали билим олишларини таъминлаш учун сунъий интеллект ва инсонга йўналтирилган таълим ўртасидаги мувозанатни сақлаш лозим бўлади.

– Олий таълим муассасаларида сунъий интеллектни жорий этиш билан боғлиқ ижобий ва салбий фикрларга қарамасдан ҳозирги вақтда етакчи хорижий олий таълим муассасалари сунъий интеллект технологиясини ўз фаолиятининг турли йўналишларига татбиқ этаётгани бор гап. Профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ҳаётини қай жиҳатдан енгиллаштиради. Мисоллар билан айтсангиз?

– Масалан, АҚШнинг Жоржия давлат университети талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини яхшилаш ҳамда уларнинг фанлардан академик қарздор бўлишининг олдини олиш мақсадида “Поунc” (Pounce) номли сунъий интеллект чатботини ишга туширди. Мазкур чатбот, бир томондан талабаларга академик маслаҳат беради, иккинчи томондан эса уларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини яхшилашга кўмаклашади. Шунингдек, Поунc талабаларга йўл-йўриқ кўрсатади, улар дуч келган муаммоларни ҳал этиш бўйича ечимлар таклиф қилади ва талабаларни тегишли манбаларга йўналтиради. Чатботнинг ишга туширилиши университетда талабалар фаоллигининг ошишига ва академик натижаларининг яхшиланишига катта ҳисса қўшди.

Австралиянинг Сидней технология университети эса талабаларга индивидуал мослаштирилган ўқув контентини тақдим этиш учун сунъий интеллектни университетнинг онлайн ўқув платформасига интеграция қилган. Мазкур тизим талабаларнинг ўрганиш усуллари ва улар афзал кўрган ўқув ресурсларини таҳлил қилиб, тегишли ўқув материалларини қўшимча ўрганиш бўйича турли имкониятларни таклиф қилади.

Шу билан бирга Лондон Империал коллежи ҳам амалга оширилаётган тадқиқот ишларида сунъий интеллект технологиясидан фойдаланишни йўлга қўйган. Коллеж тадқиқотчилари мураккаб маълумотлар тўпламини таҳлил қилиш, соғлиқни сақлаш, иқлимшунослик ва муҳандислик каби соҳаларда прогнозларни тўғри амалга ошириш учун машинани ўрганиш алгоритмларидан унумли фойдаланмоқда. Сунъий интеллектга асосланган тадқиқотлар Лондон Империал коллежида турли илмий соҳаларнинг жадал ривожланишига катта ҳисса қўшиб келмоқда.

Яна бир мисол: АҚШнинг Иллинойс Урбана-Шампейн университети онлайн имтиҳонлар учун сунъий интеллектга асосланган кузатув тизимини жорий қилди. Мазкур тизим имтиҳон жараёнлари давомида талабаларни масофадан туриб кузатади ҳамда потенциал фирибгарликнинг олдини олишга ёрдам беради. Сунъий интеллект талабаларни масофавий баҳолайди ҳамда академик ҳалоллик ва адолатни таъминлашга кўмаклашади.

Австралиянинг Декин университети эса талабаларнинг руҳий саломатлиги ва фаровонлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида сунъий интеллект технологиясидан фойдаланишни йўлга қўйган. Университет “Габбй” (Gabby) исмли сунъий интеллектга асосланган виртуал маслаҳатчини ишга туширди. Ушбу маслаҳатчи руҳий ёрдамга муҳтож талабаларга психологик маслаҳатлар беради ва ҳиссий ва руҳий зўриқиш ҳолатларининг олдини олишга кўмаклашади.

Бу борада самарасини бераётган мисоллар талайгина. Мана Норвегиянинг Берген университетини олайлик, хорижий тилларни ўрганиш курсларида сунъий интеллект технологиясидан фойдаланишни жорий этган. Сунъий интеллект асосида ишлайдиган платформа турли хорижий тилларни ўрганаётган талабалар учун мослашувчан машқлар, талаффуз бўйича фикр-мулоҳазалар ва матнга асосланган тил машғулотларини таклиф қилади.

АҚШнинг Аризона давлат университети эса талабаларнинг таълим олиш жараёнини индивидуаллаштириш мақсадида сунъий интеллектга асосланган мослашувчан ўқув платформаларини жорий қилди. Ушбу платформалар университет онлайн таълим дастурлари самарадорлигини максимал даражада ошириб, тақдим этилаётган ўқув курсларининг мазмуни ва мураккаблик даражасини талабаларнинг билим даражасига мослаштирди.

Сингапур Миллий университети башоратли моделлаштириш усули орқали академик қарздор бўлиш хавфи юқори бўлган талабаларни аниқловчи сунъий интеллект технологиясидан фойдаланади. Сунъий интеллект академик қарздор бўлмаслик учун астойдил интилаётган талабаларга мақсадли ёрдам кўрсатиш орқали талабаларнинг умумий ўзлаштириш кўрсаткичларини яхшилашга ёрдам беради.

Бундан ташқари, кўплаб хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари дарс машғулотлари жараёнида Chat GPT – сунъий интеллектга асосланган чатбот имкониятларидан самарали фойдаланиб келмоқда. Жумладан, профессор-ўқитувчилар Chat GPTни ўз фаолиятининг ёрдамчи воситаси сифатида қуйидаги кўринишларда қўллашлари мумкин.

Масалан, Chat GPT ёрдамида дарс машғулоти сценарийсини ишлаб чиқиш, маъруза ва мавзу бўйича тақдимот матнини тайёрлаш, тегишли мавзуга оид саволлар тузиш, жумбоқли кейслар, сцимуляцион ўйинлар ва талабаларда қизиқиш уйғотадиган илғор ўқитиш усулларини яратиш мумкин.

Шунингдек, мустақил иш мавзулари, оралиқ ва якуний назорат саволларини тузиши, хорижий тил ўқитувчилари эса Chat GPT ёрдамида тегишли мавзуга оид луғат, грамматик машқлар ҳамда талабаларда талаффуз кўникмаларини шакллантирадиган топшириқлар яратиши мумкин.

Яна бир жиҳати: Chat GPT воситасида тегишли мавзуга оид лойиҳа яратиш, мақола ва тезис мавзуларини шакллантириш мумкин.

– Бу каби сунъий интеллект технологиясини жорий этиш жуда катта маблағ талаб қилмайдими?

– Дарҳақиқат, сунъий интеллект ютуқларидан унумли фойдаланиш олий таълим муассасаларига кенг имкониятларни тақдим этади, бироқ уни жорий этиш жуда катта маблағ талаб қилади. Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, сунъий интеллект томонидан тақдим этилаётган маълумотлар ҳар доим ҳам тўғри бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли, маълумотларни бир карра текшириб, муқобил маълумотлар билан таққослаб чиқиш лозим. 

– Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда бу борада қандай таклифларни илгари суриш мумкин?

– Аввало олий таълим муассасаларининг талабаларга хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш учун ОТМ платформасига сунъий интеллект технологиясини интеграция қилиш лозим.

Масофавий таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларнинг фаолиятини тўлиқ назорат қилиш учун HEMIS ва ОТМнинг ўқув платформасига сунъий интеллект технологиясини жорий этиш, тюторлар ва психологлар фаолиятига ёрдам берадиган сунъий интеллектга асосланган чатботни ишга тушириш керак бўлади.

Шунингдек, олий таълим муассасаларининг якуний назорат имтиҳонларида талабалар томонидан фирибгарлик ҳолатлари содир этилмаслигининг олдини олиш учун кузатув камераларига сунъий интеллект технологиясини интеграция қилиш, сунъий интеллект технологиясини яхши тушунадиган ходимлар томонидан профессор-ўқитувчилар учун дарс машғулотлари давомида Сhat GPT платформаси имкониятларидан кенг фойдаланиш масалалари юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишларини ташкил этиш ҳам муҳимдир.

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази томонидан “Олий таълим муассасалари фаолиятига сунъий интеллект технологиясини жорий этиш” номли методик қўлланма тайёрлаш ҳам бу борадаги ишларнинг муҳим жиҳати саналади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YxIC2cKDI08" title="Oлий таълим муассасаларида сунъий интеллект — унинг ижобий ва салбий жиҳатлари нимада?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди.