Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий таълим муассасаларида маънавий-ахлоқий тарбия ишлари қай аҳволда?
13:02 / 2020-06-01

Бу биз кўп йиллардан бери гапириб келаётган, лекин ечими топилмаётган мавзу.


Бу биз кўп йиллардан бери гапириб келаётган, лекин ечими топилмаётган мавзу.

Баъзилар “маънавият, тарбияни ўлчаб, баҳолаб бўлмайди”, дейишади. Лекин социология тарихига назар солсак, бу соҳалар ўлчана бошланганига бир асрдан ошаяпти. Демак, маънавий, ахлоқий-тарбия самарадорлиги бу – маънавий-ахлоқий тарбияни ўлчаш, баҳолашдан бошланади. Бунинг асосий воситаси социологиянинг дунёда ривожланган соҳаси – тарбия социологияси бўла олади.

Социология халқни, жамиятни ўрганиш илми. Социологик сўров ва тадқиқотлар объект ҳақида ҳар томонлама ишончли маълумотларни олишда самарали восита ҳисобланади. Айниқса, бугунги кунда ҳар қандай ижтимоий жараённи амалга оширишда аниқлик, натижадорлик, ишончлилик, очиқлик талаб қилинаяпти. Бу эса, ҳар қандай амалга ошириладиган иш бўйича олдиндан маълумотга эга бўлишни талаб қилади.

Олий таълим муассасаларидаги маънавий-ахлоқий тарбия ишлари самарадорлигини оширишда талабалар жамоаси билан боғлиқ ижтимоий жараёнларни англаш, кузатиш, мезонларни белгилаб, санаб, қайд қилиш зарур бўлади. Чунки, талабалар маънавияти бор. Бор экан, у намоён бўлади. Талабаларнинг маънавияти, ахлоқи уларнинг барча амалга ошириладиган ишлари, фикрлари, уларнинг юзи, кўзи, хатти-ҳаракатида намоён бўлади.

Маълумки, ҳар қандай маҳсулот, ишлаб чиқариш истеъмолчининг истак-хоҳиши билан боғлангандагина самара бера олади. Бироқ, биз маънавий-ахлоқий тарбия ишлари режасини тузишда истеъмолчилардан, яъни талабалардан сўраб ўтирмаймиз. Кўпинча ўзимиз белгилаймиз. Талабалардан сўраб, уларнинг маънавий эҳтиёжларини ўрганмаймиз. Шу сабабли кўпгина маънавий-маърифий тадбирларимиз талабаларга зерикарли бўлаяпти. Бу албатта, тадбирларнинг самарадорлигини пасайтиради. Мана шу муаммони ҳал қилишда социология бизга ёрдам беради.

Шу ўринда бир савол туғилади. Маънавий диагностика керакми?

Талабалар жамоасининг дунёқараши, бугунги кундаги ташвишлари, қизиқишлари, вақти, хоҳишларини яхши билиш талаб этилади. Ана шунда маънавий-маърифий тадбирлар диагностик хусусиятга эга бўлади. Маънавий терапия диагностика билан уйғун бўлгандагина натижадорликка эришиш мумкин. Акс ҳолда, самарадорликни ошириш қийин бўлади. Буларни ўрганиш эса социологик сўровлар ўтказишни талаб қилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги охирги уч-тўрт йилда олий таълим тизимидаги маънавий-ахлоқий тарбия ишларида “Мавҳумликдан аниқлик сари” ташаббуси билан кўпгина ноаниқ бўлган, ҳаммани қийнаб келган меъёрий ҳужжатларни тартибга солди. Маънавий-маърифий ишларга масъул декан муовини жамоатчилик асосида, лекин ҳамма ишга жавобгар эди. Энди, унинг мақоми ва маоши жойида. Айтиш керакки, маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси ичида социологик сўровлар ўтказиш, мувофиқлаштириш ва хулосалашга йўналтирилган бўлим ташкил этилди. Унда жамланган мутахассис-экспертлар социологик тадқиқотларни ташкил этиш, ўтказишга масъул.

Жойларга чиқиб, реал маънавий муҳитни ўрганиб, диагностик асосда ишлашга ўтилмоқда. Шу пайтгача барча олий таълим муассасалари ягона намуна, яъни “Профессор-ўқитувчи – талаба нигоҳида” социологик сўрови билан чекланиб қолаётган эди. Энди социологик, психологик, педагогик мониторинг тизими йўлга қўйилаяпти.

Онлайн сўровномада бекиниб турган коррупция ва коррупцияген ҳолатлар, талабаларни қийнаётган муаммо, истак ва хоҳишлари, биз ўзи кимларга, қандай таълим-тарбия бердик? каби саволларга очиқ жавоблар берилди. Масалан, “Сиз келажакда ўз тақдирингизни Ўзбекистон билан боғлайсизми?”, деган саволга чегара ҳудудида жойлашган кўплаб олийгоҳларнинг қарийб 25 фоизга яқин талабаси чет давлатларда яшаш ёки ишлаш истагини билдирган. Бу каби муаммоларни сўровлар орқали аниқлаб, зарур чора кўрилиши керак.

Сир эмаски, бугунги пандемия шароитида барчамиз карантин ва онлайн ҳаёт тарзига ўтдик. Талабалар ҳам таълимни интернет, ижтимоий тармоқлар орқали олмоқда.

Агар талаба онлайн тизимдаги масофавий таълим ва UZ доменидаги манбаларни ижтимоий тармоқлардан олса, хўп-хўп. Лекин акси бўлса-чи! Талабанинг фикри, дунёқараши, тафаккурини чалғитувчи тақиқланган сайтлар ва ижтимоий тармоқлардан “бахти” ва “ором”ини топаётган бўлса, унда нима қиламиз?

Бугун ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлимларининг иш услуби замонга мослашиши керак. Яъни, ҳар қандай маънавий-маърифий, ахлоқий тарбия ишларини ўтказишдан олдин сўровнома орқали муаммоларни ўрганишга тўғри келади. Бунда социометрия, суҳбат, интервью, фокус гуруҳи методларидан фойдаланиш керак.

Айни дамда барча олий таълим муассасаларида аниқ мавзуларда ҳар ҳафтада бир марта, 10 та саволдан иборат социологик сўровлар ўтказиб бориш талабалар нима билан бандлиги, таълим-тарбия жараёнида қандай бўшлиқ борлиги ва уларда қандай таклифлар, ташаббуслар борлигини ҳам аниқлаш имконини беради.

Азизбек ОМОНОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети масъул ходими.