Божхона қўмитасида республикамиз олий ўқув юртларида муқобил энергия манбалари жорий этилишини жадаллаштиришга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев, Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда видеоселектор тарзида ҳудудлардаги олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросига қаратилди.

Таҳлилларга кўра, республикадаги 106 та давлат олий таълим муассасасининг 2022 йилдаги электр энергияси истеъмоли 101 миллион кВт.ни ёки 53 млрд. сўмни ташкил қилади. Шу боисдан жорий йил 1-ярим йиллигида олий таълим муассасаларида 24,5 минг кВт соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиши назарда тутилган.
Мазкур йўналишдаги топшириқларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш ва амалга оширилаётган чора-тадбирларни мувофиқлаштириш мақсадида Божхона қўмитасида тегишли вазирлик ва идоралар масъулларидан иборат штаб ташкил қилинди.
Штаб томонидан олийгоҳлар бўйича қуёш панелларини ўрнатиш ишлари мувофиқлаштирилиб, режалар ижросининг объектлар кесимида кунлик мониторинги ва назорати олиб борилади.
Амалга оширилган чора-тадбирлар Божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Яшил энергия” ахборот тизимида онлайн равишда акс этиб боради.
Йиғилишда мазкур тизимни Солиқ қўмитаси, “Ҳудудий электр тармоқлари”, Кадастр агентлигининг тегишли дастурларига интеграциялаш юзасидан топшириқлар берилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА