Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий таълим муассасалари – ёшлар камолотига кўмакдош
15:52 / 2022-03-15

Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳа ва тармоқлари кенг ва узоққа мўлжалланган ислоҳотлар майдонига айланган.

Ушбу майдонда ижтимоий соҳанинг негизи саналмиш таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида баралла айтмасдан бўлмайди. Республикамизда сўнгги йилларда таълим тизимининг барча босқичлари ҳамда шаклларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади десам, ўйлайманки, бутун халқимиз бу фикрни қўллаб-қувватлайди”. 

Айни кунларда мамлакатимизда жадаллик билан олиб борилаётган таълим ислоҳотларининг аксар қисмини олий таълим тизимидаги модернизация жараёнлари ташкил қилади. Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепцияси фаолиятимизнинг асосий мезонидир. 

Юқори суръатларда тараққий топиб бораётган олий таълим тизимида талаба-ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг нафақат таълим олиши, балки муносиб иш жойига эга бўлиши, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.  

Хусусан, Президент 2022 йил 1 март куни хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилишида жамиятимиз аёллари ҳаётида долзарблик касб этган муаммоларга комплекс чоралар кўриш лозимлигини таъкидлади. Айниқса, таълим тизимининг барча поғоналарида ўқишга интилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталгани юртимиз хотин-қизларининг қувончини минг карра оширган бўлса, ажаб эмас!  

2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури қабул қилиниши, қолаверса, янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ буджетдан қоплаб берилиши, ҳар йили 50 нафар қизлар нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафари магистратурага юборилиши, ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизларнинг таълим контракти маҳаллий буджетдан тўлаб берилиши, 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари берилиши, ёш фарзанди бор талаба-қизларга масофавий ўқишга шароит яратилиши, докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилиши фикримизнинг далилидир. 

Давлат раҳбари жорий йилнинг 3 март куни муҳим мавзу – олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлаш орқали уларнинг турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишини ўтказди. Давлатимиз раҳбари бу борада ташкил этилиши лозим бўлган ишларни белгилаб берди.  

Энг аввало, ОТМлардаги бўш хона ва иншоотларни талабаларга бепул ажратиш орқали уларда пуллик курслар, тўгараклар ва бошқа хизматлар ҳамда ишлаб чиқаришлар ташкил этиш кераклиги таъкидланди. Талабалар бандлигини таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун ОТМлар ҳудудида пуллик ўқув курслари, спорт тўгараклари ва бошқа хизматларни ташкил этган талабалар даромад солиғидан озод қилиниши, талабаларнинг олийгоҳлар ҳудудидаги лойиҳалари учун кредит ресурслари ажратилиши ҳамда айни кунларда олийгоҳлардаги кўп лавозимларга олий маълумот бўлиши талаб этилиши боис, истисно тариқасида, ректорларга ўз тизимидаги лавозимларга талабани билим ва салоҳиятидан келиб чиқиб ишга жойлаштиришга рухсат этилиши, барча давлат ташкилотлари ва муассасаларида ишлашга рухсат берилиши талабаларнинг юрагидаги тарихий воқеа бўлганини алоҳида қайд этиш даркор. 

Бизнинг университетимизда ҳам талабаларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг самарали меҳнат фаолияти билан банд бўлиши учун кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, 52 нафар талаба университетимиздаги ректорат бўлимлари, факультет деканатлари, кафедралар ҳамда илмий марказларда фаолият юритмоқда. Яна шуни ҳам келтириш лозимки, университетимизда давлат грантлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий лойиҳаларда 20 та талаба ҳақ олиб, меҳнат қилади.  

Ҳозирда бизнинг асосий мақсадимиз талабалар бандлигини таъминлаш билан бирга уларга ҳалол йўл билан, ўз иқтидорини намоён қилган ҳолда пул топишни ўргатиш ҳамдир. Бу йўналишда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ташкил этилган ижодий тўгараклар раҳбарлигига «ТEНГДОШ - ТEНГДОШГА» тамойилига мувофиқ, айнан талабаларимизни бириктирдик.  

Энди Президентимиз яратиб бераётган имкониятларнинг талабаларимиз ўртасида тарғиботини амалга ошириб, уларга тўғри йўналиш берамиз. Билими, салоҳияти, ҳунари бўлган илм талабгорига зарурий шароитларни яратиб бериб, ҳар жиҳатдан университет жамоаси қўллаб-қувватлаймиз.  Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимиз раҳбарининг бу борадаги ислоҳотларини амалга оширишда камарбаста бўлиб, ёш авлоднинг ўз ҳаёт йўлини топиб олишида сабабчи инсонлардан бўлишга ҳаракат қиламиз.  

Баҳодир Холиқов,  
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат  
ўзбек тили ва адабиёти университети 
биринчи проректори