Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов раҳбар этиб тайинланган ишчи гуруҳи Сирдарё ва Сайхунобод туманлари аҳолиси учун оммавий “сайёр қабул” ўтказди.
Мазкур қабул фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида ташкил этилди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан жиноят ишлари бўйича 18 та, маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича 1 та, фуқаролик ишлари бўйича 10 та, оммавий муносабатларни келтириб чиқарадиган маъмурий ишлар бўйича 3 та мурожаат билдирилди.
Шунингдек, 13 нафар фуқаронинг кассация шикоятлари Олий судда кўриб чиқиш учун қабул қилинган бўлса, 17 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
“Сайёр қабул” доирасида ишчи гуруҳ томонидан Сирдарё туманида истиқомат қиладиган фуқароларнинг 3 нафари Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан шартли озод қилиниб, уйига кузатиб қўйилди.
– Мен жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг 2020 йил 15 майдаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси, 2 қисми “а” ва “г” бандлари, 209-моддаси, 1-қисми “а” банди бўйича айбдор деб топилиб, 2 йил 4 ой 15 кун муддатга ҳар ойлик иш ҳақимнинг 20 фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган эди, – дейди мурожаатчилардан бири.
– Ҳозирда тайинланган жазо муддатининг учдан бир қисмини намунали хулқ билан ўтаганим, қилган қилмишимга чин дилдан пушаймонлигим, ўталмай қолган жазони ўташда муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ҳақида амалий ёрдам сўраб, Олий судга мурожаат қилган эдим.
[gallery-1960]
Мурожаатим Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Б.Исаев томонидан ўрганиб чиқилиб, бугун ўтаётган “сайёр қабул”да қилган мурожаатим инобатга олингани маълум қилинди ва ўталмай қолган жазони ўташдан шартли равишда озод қилиндим. Аризам жуда қисқа вақт мобайнида ўрганиб чиқилганидан ва ижобий ҳал этилганидан жуда хурсандман.
Ушбу “сайёр қабул”га мамлакатимиздаги чет эл инвестицияси иштирокида ташкил этилган “LT TEXTILE SIRDARYO” масъулияти чекланган жамияти директори, хорижий давлат фуқароси Ванг Зиқиянг ҳам ёзма равишда мурожаат қилган.
“Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси Сирдарё туманидаги 2020 йил пахта ҳосилини топшириш режасини бажармаган фермер хўжаликларидан қарздорликларини ундириш тўғрисида киритган даъво аризаси Сирдарё туманлараро иқтисодий суди судьяси Н.Сангиров томонидан қисқа фурсатда суд мажлисида кўриб чиқилди”, дейди Олий суд “сайёр қабул”ига йўллаган ўз мактубида “LT TEXTILE SIRDARYO” МЧЖ директори, хорижий давлат фуқароси жаноб Ванг Зиқиянг. Мактубда, суд натижаси бўйича, “LT TEXTILE SIRDARYO” МЧЖ фойдасига 20 та фермер хўжалигидан 1 миллиард сўм асосий қарз ва 178 минг 400 сўм почта харажатлари ҳам ундирилганлиги таъкидланган. Шунингдек, ушбу миннатдорчилик хатида, “Сизга ўз миннатдорчилигимизни билдириб, суд мажлисида кўриб чиқиш учун киритилган даъво аризамиз адолатли кўриб чиқилганлигини билдирамиз”, дея якунлаган.
Жойларда ташкил қилинаётган оммавий сайёр қабуллар, республика, вилоят, туман мутасадди раҳбарларнинг халқ билан мулоқотини яъни юридик ва жисмоний шахсларни қийнаб келаётган муаммоларини ечишга ва уларни ижобий ҳал қилишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Сирдарёдаги ҳудудий “сайёр қабул”и куннинг иккинчи ярмида Гулистон, Мирзаобод туманлари ва Гулистон шаҳри фуқаролари учун вилоят марказида давом эттирилди.
Оммавий “сайёр қабул”лар эртага Оқолтин тумани ва Янгиер шаҳрида, 10 апрель куни эса Ширин шаҳрида давом этиши белгиланган.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА