Президентимизнинг 2019 йил 4 сентябрдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 8-бандида Олий суд ўзининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали суд томонидан экстремистик ёки террористик, деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлар рўйхатини эълон қилиб, унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаши алоҳида қайд этилган.
Шу йўналишда қилинаётган ишлар ҳақида Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълумот берди:
– Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросини изчил таъминлаш мақсадида Олий суд томонидан мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган манба ва контентлар (материаллар) рўйхати Олий суднинг расмий веб-сайтидаги “Очиқ маълумотлар” рукнида (https://sud.uz/open-info/supre…) мунтазам равишда янгиланиб, эълон қилиб борилмоқда.
Зотан, фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқ ва мобил мессенжерлар орқали юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга диний тус бериш, сохта ғояларни асл диний қадриятлар сифатида талқин қилиш ва аҳоли орасида носоғлом ақидани сингдириш ҳолатлари кузатилмоқда.
Қолаверса, экстремизм ва терроризм сингари бузғунчи ғоялар билан йўғрилган бундай манбалар ҳаётий тажрибаси ва диний билимлари етарли бўлмаган баъзи ёшларга таъсир ўтказиб, уларнинг онгида ёвузлик, қўпорувчилик сингари иллатларни шакллантириши ҳеч гап эмас.
Айтиш жоизки, бундай бузғунчилик ва вайронакорликни тарғиб қилувчи манба ва материалларни суд тартибида тақиқлаш амалиёти хорижий давлатларда ҳам кенг қўлланилади.
2019 йилдан бугунги кунга қадар Олий суднинг 80 дан зиёд ҳал қилув қарори асосида Интернет тармоғидаги, хусусан, “Meta” (Facebook), “Одноклассники”, “Instagram” ва “TikTok” ижтимоий тармоқлари, “Telegram” мобил мессенжери, “YouTube” видеохостинги ва бошқа мингдан ортиқ манба ва улардаги материаллар диний ақидапарастлик, экстремистик ва террористик ғояларини тарғиб этишга йўналтирилган, деб топилиб, уларни Ўзбекистон ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш, сақлаш, олиб кириш ва намойиш этиш тақиқланган.
Бинобарин, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материаллар диншунослик экспертизасидан ўтказилиши ва экспертизанинг ижобий хулосаси уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши, олиб кирилиши ва тарқатилиши учун асос бўлиб хизмат қилади.
Диний ақидапарастлик, экстремистик ва террористик мазмундаги материаллар жойлаштирилган интернет нашрлар, каналлар, саҳифалар, профилларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш юзасидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган механизм асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ бу чора-тадбирларга қарамай, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш билан боғлиқ қилмишларни содир этиш ҳолатлари ҳамон учраб тургани ғоятда ташвишлидир.
Ҳолбуки, бундай жиноий қилмишларга нисбатан амалдаги қонунчилигимизда қатъий жавобгарлик белгилаб қўйилган.
Қилмиш оғирлиги даражасига қараб бериладиган жазо ҳам оғирлашиб боради. Бундай қилмиш учун 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш қонунчиликда назарда тутилган.
Шу ўринда ота-оналар ва ёшларга мурожаат этиб, айтиб ўтамизки, диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм тузоғига тушиб қолишдан доимо сақланинг. Улар ҳаётингиз ва орзуларнингизни барбод қилишига асло йўл қўйманг. Суд томонидан тақиқланган манбалардан йироқ бўлинг.
Н.Абдураимова, ЎзА