Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий судга тушаётган мурожаатлар сони нега кўпайиб бормоқда?
11:46 / 2022-02-15

Давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини қонуний муддатларда кўриб чиқиш ва ҳал этиш энг долзарб вазифа этиб белгиланган.

Бу давлат бошқаруви органлари, жумладан, суд ор­ганларига жиддий масъулият юклайди. Фуқаролар мурожаатлари бу тизимда қандай этилмоқда ва бу соҳада қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Шу каби саволларгаЎзбекистон Республикаси Олий суди жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Азиз Абидов жавоб берди:

  • Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш суд тизимининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Қолаверса, кейинги пайтда суд орган­ла­рига мурожаат қилувчилар сони сезиларли даражада ортмоқда.

Жумладан, 2021 йилда судларга жа­ми 159 минг 258 мурожаат келиб тушди. Шундан Олий судга - 54 минг 397; Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали - 84 минг 49; вилоят ва унга тенглаштирилган судларга - 17 минг 826; маъмурий судларга - 2 минг 623; ҳарбий судларга - 363 мурожаат тушди.

Олий судга келган 54 минг 397 мурожаатнинг 49 фои­зи умумий мазмунда бўлиб, қолгани касса­сия тартибидаги шикоятларни ташкил қилди.

Умумий мазмунда келиб тушган мурожаатлар 2020 йилга нисбатан 28,6 фоизга, кассация тартибидаги мурожаатлар 25 фоизга кўпайди.

Мурожаатларнинг кўпайишига Олий суд раҳбарияти томонидан Қорақалпо­ғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида оммавий сайёр қабуллар ташкил этилаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Чунки раҳбариятга мурожаат йўллашдан кўра, бевосита учрашувларда муаммоларини айтиш аҳолига қулайлик яратди. Жумладан, 2021 йилда 18 минг 658 нафар жисмоний ва юридик шахснинг вакиллари қабул қилинди.

Мурожаатлар кўпайганининг яна бир сабаби такрорий мурожаатлардир. Масалан, сайёр қабулда топширилган ва Олий судда кирим қилинган мурожаатларнинг аксарияти Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига ҳам йўлланган ва улар орқали судга келиб тушган.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, айрим фуқароларнинг мурожаат йўл­лаш бўйича етарли даражада ҳуқуқий билимга эга эмаслиги, Олий суд ваколатига тааллуқли бўлмаган мурожаатларнинг келиб тушаётгани ҳам мурожаатлар сонини кўпайтирмоқда.

Эътиборли жиҳати эса, судларга мурожаатлар кўпайгани аҳолининг тизимга нисбатан ишончи ортиб бораётганини ҳам кўрсатади.

Ўтган йилда Олий суд томонидан 2 минг 418 мурожаат тааллуқлилиги бўйи­ча кў­риб чиқиш учун бошқа идораларга юборилган.

Маълумки, Жиноят-процессуал кодексининг 499-моддасида биринчи ва апелляция инстанцияси судининг ҳук­ми, ажрими устидан кассация тартибида ши­коят­ қи­лишга маҳкум, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, жабр­ланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари биринчи ва апелляция инстан­цияси суди ҳук­ми, ажримининг фуқаровий даъвога дахлдор қис­ми устидан шикоят беришга ҳақ­ли, деб кўрсатилган.

Лекин иш бўйича шикоят беришга ваколати бўлмаган фуқаролар — судланувчи, маҳкум, даъвогар ёки жавобгарнинг қариндошлари мурожаатни юқори идораларга юбормоқда.

Олий судга 2021 йил мобайнида ана шундай давлат идораларидан 6 минг 744 мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 597 таси бошқа идораларга, 1 минг 84 таси қу­­йи судларга юборилган. 3 минг 498 ­ ҳолатда эса мурожаатчига судга мурожаат қи­лиш тартиби тушунтирилган.

Мурожаат қи­лиш бўйича қонун талабига риоя этмаслик ёки тартибни билмаслик, биринчидан, суд тизимига алоқаси бўлмаган идораларга қўшимча иш, иккинчидан, суд қа­рорлари устидан шикоят бериш муддатининг ўтиб кетишига сабаб бўлади.

Натижада муддатни тиклаш ҳақида ариза бериш талаб этилиб, фуқароларнинг яна ортиқча овора бўлиш ҳолатлари юз беради.

Бундан ташқари, 2021 йилда шикоятга суд қарорлари ва бошқа ҳужжатлар илова қилинмагани туфайли Олий суд томонидан 3 минг 498 та мурожаат кўрмасдан қайтарилган.

Яна бир муҳим натижа: 2021 йил 16 сентябрда қабул қилинган «Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўз­гартиш ва қў­шимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғ­рисидаги кодексга ўзгарти­ришлар киритилиб, иш бўйича ваколатли шахслар ва тарафларнинг шикоятга суд қарорларини илова қилиш талаби бекор қилинди. Бу орқали фуқароларнинг шикоят беришида енгиллик ва қулайлик яратилди.

Аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг судлар фао­лиятида кенг жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Фуқароларнинг Олий судга­ мурожаат қилиши учун қулайликлар ва кенг имкониятлар яратилмоқда.

Бугунги кунда Олий суднинг электрон почтаси — info@supcourt.uz, веб-сайти — www.sud/my.sud.uz, интерактив хизматлар орқали Олий суд раиси қабулига рўйхатдан ўтиш учун qabul.sud.uz ва @SUDUZ­BOT Telegram-бот ишга туширилган.

Telegram-бот орқали фуқаролик, иқтисодий, жиноий ва маъмурий ишлар бўйича фуқаролар мурожаат қилиш ва қисқа вақт ичида жавоб олиш имконига эга.

Мухтасар қилиб айтганда, Олий суд ва қуйи судларда аҳоли билан мулоқот қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини тўлиқ, холисона ҳамда қонуний кўриб чиқилиши самарали йўлга қўйилган.

Норгул Абдураимова, ЎзА