Ўзбекистон Республикаси Олий суд пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда судьялар, Бош прокурор, Конституциявий суд, Судьялар ассоциацияси ва Адвокатлар палатаси раислари, Омбудсман, Болалар омбудсмани, Судьялар олий кенгаши, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Олий суд раиси Б.Исломов раислик қилган йиғилишда судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш, жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти билан боғлиқ қарорлар кўриб чиқилди ва қабул қилинди.
“Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”ги пленум қарори инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласига доир қонунчиликни судлар томонидан тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ушбу масалага бағишланган амалдаги қарор 33 йил аввал қабул қилингани унинг янги таҳририни қабул қилиш заруриятини юзага келтирди.
Янги пленум қарорида шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқлари, шахснинг номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларини ҳам ҳимоя қилиш юзасидан тушунтиришлар берилган.
[gallery-26402]
Хусусан, суд ҳимоясининг шакли ва усули – бузилган ҳуқуқни тан олиш; бузилишдан олдинги ҳолатни тиклаш; кейинги ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар, жумладан, шахснинг розилигисиз ахборот, тасвирлар, шахсий маълумотлардан фойдаланиш, уларни тарқатишни тақиқлаш; ҳуқуқни бузувчи ахборотларни ўчириш, йўқ қилиш ёки блоклаш, моддий ва маънавий зарар учун товон ундириш ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа чоралардан иборат эканлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга даъво муддати татбиқ қилинмаслиги, ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар судларда кўрилиши ва судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар ҳақида тушунтиришлар берилди.
Судлар томонидан жазо тайинлаш амалиётида юзага келаётган масалалар муносабати билан, шунингдек, қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланишини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарор қабул қилинди.
Ушбу қарор суд амалиётини бирхиллаштиришга, жиноий жазо тизимининг замонавийлашишига, инсон ҳуқуқлари ҳамда жамият хавфсизлиги ўртасидаги мувозанатни самарали таъминлашга хизмат қилади.
Президент томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар асосида қонунчиликка жиддий ўзгартиришлар киритилди. Фуқаролик кодекси, Ер кодекси, суд ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига янги нормалар қўшилди. Бу эса, мавжуд пленум қарорларини янги қонунчиликка мослаштиришни тақозо этади.
Олий суд пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қароридаги ўзгартиришлар уч асосий йўналишни қамраб олади: кредит муносабатлари ва гаров масалалари, суд ҳужжатларини ижро этиш тартиби ҳамда ерга оид ҳуқуқий муносабатлар. Ушбу соҳаларнинг ҳар бири иқтисодий ҳаёт ва фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Қабул қилинган қарорлардаги тушунтиришлар келгусида қонунчилик нормаларини тўғри ва бир хилда қўллашга хизмат қилади. Муҳими, одил судловни амалга ошириш, қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилинишига замин яратади.
Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА